Бухорода Экология партиясининг беш йиллиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди
Фото: "Халқ сўзи"
Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси ташкил топганининг беш йиллиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари, партия аъзолари, профессор-ўқитувчилар, зиёлилар иштирок этган тадбир аввалида партия вилоят Кенгаши ижроия қўмитаси раиси Жаҳонгир Шарипов сўз олиб, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталди.

— Бизни хурсанд қилган жиҳат шундаки, партиямиз сафи табиатсевар инсонлар, жумладан ёшлар ҳисобига тобора кенгайиб бормоқда, — деди жумладан у. — Айни дамда аъзоларимиз сони 42 минг нафардан ошди. Бошланғич партия ташкилотлари сони эса 240 тани ташкил этмоқда. Партия дастуридаги мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал қилишга қаратилган давлат сиёсатини олиб бориш, экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш каби устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этишда биз аввало, фаолларимиз, она-табиатимиз тақдирига бефарқ бўлмаган инсонларга таяняпмиз.
Давлат ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш ўз самарасини беряпти, албатта. “Яшил тараққиётга табиатсевар халқимиз билан!» шиори асосида фаолият юритаётган партия элитаси Бухоро табиий иқлими учун ниҳоятда долзарб бўлган масалалар ечими юзасидан фойдали таклифларни ўртага ташлаяпти, ташаббускор бўлмоқда. Бу хусусан, “Яшил макон” дастури ижросида яққол кўриняпти. Партия фаоллари “Мўйноққа мадад” акциясини ўтказишди. Орол денгизининг саҳрога айланган қисмида иҳотазор барпо этиш учун саксовул уруғи йиғиб, экиш ишларига бош-қош бўлдилар.

Анжуманда журналистлар ҳамда бир гуруҳ зиёлилар томонидан Бухорода чиқиндиларни қайта ишлаш, ҳавонинг мусаффолигини, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш , янги қурилаётган мавзеларда канализация масаласини ҳал этиш борасидаги муаммолар ўртага ташланди. Бу бежиз эмас. Глобал иқлим ўзгариши оқибатида чанг-тўзон кўтарилиши, қум бўронларининг кузатилаётгани, боз устига ичимлик сувнинг сифати пастлиги кўпчиликни хавотирга солмоқда. Бу муаммолар табиийки, ижро этувчи органлар зиммасига жуда катта масъулият турганини англатади. Партия масъуллари анжуманда шу масалалар ечими юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир якунида партиянинг бир гуруҳ фаоллари, табиатсевар инсонларга Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг