Бухорода бир гуруҳ юртдошларимизга «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони топширилди

16:39 06 Декабрь 2022 Жамият
862 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро вилоят ҳокимлигида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг ҳар жабҳада салоҳиятини ошириш, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, миллатлараро тотувлик ва дўстликни кўз қорачиғидай асраш, ёш авлодни она-Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш каби улуғвор ишларга салмоқли ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимизга «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Б. Зарипов барчани мамлакатимиз Бош қомуси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан табриклаб, Конституциямизда белгилаб берилган инсонпарварлик тамойиллари ҳақида тўхталди. Демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишдек устувор мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг хизматлари таҳсинга сазоворлигини таъкидлади.

— Мен ҳунарим ортидан дунёнинг кўплаб давлатларида бўлганман, — дейди маросим иштирокчиси, ғиждувонлик таниқли кулол Алишер Нарзуллаев. — Лекин ҳар бир инсон учун ўз юртига ҳеч бир ер тенг келмайди. Сирасини айтганда, бизнинг эмин-эркин ишлашимиз, тадбиркорлигу ҳунармандчилик билан шуғулланишимиз замирида ҳам Конституциямиз асосида яратиб берилган улкан имкониятлар мужассам. «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланганимни эса камтарона меҳнатимизнинг юксак эътирофи деб биламан.

Мукофотланганлар эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимизга, Президентимизга миннатдорлик изҳор этдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер