Бухорода «Билимлар куни» кўтаринки руҳда ташкил этилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Биринчи қўнғироқ садоси беғубор болаликни ёдга солади. «Билимлар куни» фарзанду неварасини етаклаб мактабга ошиққан ота-оналар, бобо, бувижонларга ҳам ўзгача кайфият бахш этади.
— Тўнғич неварам Фарзонахон биринчи синфга қадам қўймоқда, — дейди Бухоро туманида истиқомат қилувчи Жума Шукуров. — Жуда хурсандмиз. 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғасини олган неварамизнинг қувончини айтмайсизми? У замонавий шарт-шароитлар яратилган мактабда аъло баҳоларда ўқиб, ишончимизни оқлайди, албатта.
Вилоятда мактаб таълими соҳасида қатор йиллардан буён айтса арзигулик натижаларга эришиб келинмоқда. Узоққа бормай, умумтаълим мактаблари жорий йил битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши масаласини олиб кўрайлик. Билим ва кўникмаларни баҳолаш агентлиги таҳлилларининг дастлабки натижаларига кўра, Бухоро вилояти ўртача баллар самарадорлиги бўйича 89,1 балл билан республикада етакчи бўлиб турибди.
Жума ака билан суҳбатимиз якун топган паллада тумандаги 25 – умумтаълим мактабининг фавворали майдонида ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари жамулжам бўлишди. «Билимлар куни» тадбири бошланди. Унда сўз олганлар давлатимиз томонидан малакали педагоглар тайёрлаш, ўқитувчи нуфузини ошириш ҳамда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталди. Шу ғамхўрликдан оқилона фойдаланиб устоз деган шарафли номга муносиб бўлаётган муаллимларнинг бир гуруҳи ҳамда турли танлов ва спорт мусобақаларида ғолиблар қаторидан ўрин олган мактаб ўқувчилари тақдирланди. Ўғил-қизлар томонидан Ватан, истиқлол, бахтли болалик, тинчлик мадҳ этилган шеърлар ёд айтилди. Мусиқий дастур намойиш қилинди. Шундан сўнг биринчи қўнғироқ садоси янграб, ўқувчилар синф хоналари сари ошиқди.
Айтиш жоизки, вилоятдаги 576 та умумтаълим ва хусусий мактабларда «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз» шиори остида биринчи қўнғироқ ҳамда «Мустақиллик дарслари» тадбирлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг