Бухорода “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида кураш бўйича республика мусобақаси бўлиб ўтди

17:17 04 Декабрь 2023 Жамият
562 0

Фото: Халқ сўзи

Мусобақа давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора — тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ республика Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Бухоро Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган баҳсларда мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган 125 нафардан зиёд ҳаваскор курашчилар ўз маҳоратларини жамоавий баҳслар орқали синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлишди.

— Биламизки, Бухоро азал – азалдан полвонлар юрти бўлиб келган, — дейди самарқандлик тажрибали мураббийлардан бири Иброҳим Каримов, — Собир Қурбонов, Акобир Қурбонов, Камол Муродов, Ришод Собиров, Шуҳрат Хўжаев каби донгдор курашчилар ҳақида ким эшитмаган, дейсиз? Шундай таниқли спортчилар етишиб чиққан бу кўҳна юртда шогирдларимнинг гиламга чиқишининг ўзи катта шараф. Қолаверса, “Беш ташаббус олимпиадаси” шарофати билан ёшларимиз билан биргаликда қадимий Бухорони томоша қилдик, улар кўплаб дўстлар орттиришди.

Мусобақа якуний натижаларига кўра, Қашқадарё вилояти жамоаси биринчи, бухороликлар иккинчи, Самарқанд ҳамда Сурхондарё вилоятлари жамоалари учинчи ўринни эгаллашди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер