Бухорода байрам шукуҳи

13:49 21 Март 2022 Жамият
1244 0

Фото: Халқ сўзи

Шу кунларда Бухоронинг қай бир гўшасида бўлманг, дошқозонларда сумалагу ҳалиса пишаётгани, тандирларда патиру кўк сомсалар ёпилаётганини кўрасиз. Наврўз дастурхони атрофида туриб, тинч ва осойишта кунлар ҳаққига шукроналар келтирилаётгани шоҳиди бўласиз. Пешку туманининг олис Обидхўжа қишлоғида ҳам янгиланиш айёми ана шундай шукуҳли бошланди.

Турсуной Жумаева хонадонида сумалак тайёрлаш учун дошқозон осилди. Шу баҳонада қўни – қўшнилар дийдорлашиб, ширингина суҳбат қурдилар. Қўшиғу лапарлар даврага файз бағишлади.Табаррук ёшдаги онахон Ҳикматой ая бошчилигида пиширилган сумалак қишлоқдошларга тарқатилди.

Байрамнинг асосий тадбири эса Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази ва шу иншоот рўпарасидаги Фавворалар майдонида бўлиб ўтди. Давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, фаоллар иштирок этган тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов барчани янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўзи олам билан табриклади.

— Бу байрам нафақат деҳқончилик мавсумининг бошланиши, балки халқимизнинг минг йиллик анъаналари ва аҳиллиги, азму шижоати рамзи сифатида ҳам эъзозлидир, — дейди шофирконлик фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов. — Мана, вилоятимизни олиб кўринг. Маълумотларга кўра, жорий йилда инвестиция дастурига мувофиқ, вилоятимизда 19 та мактаб, 13 та мактабгача таълим, 9 та тиббиёт муассасаси, 6 та спорт объекти янгидан қурилади, реконструкция қилинади. Ичимлик сув таъминоти, йўлларни асфальтлаштириш, уй-жойлар қуриш борасида кенг қамровли ишлар бажарилади. Буларнинг барчаси халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида хизмат қилади, албатта.

Байрам тадбирида уюштирилган сумалагу ҳалим сайллари, миллий – маданий марказлар, фольклор – этнографик ансамблларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер