Бухорода байрам шодиёнаси
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Тинч ва осойишта, бунёдкорлик оғушидаги юртга байрамлар ярашади. Мустақиллигимизнинг қутлуғ 33 йиллигини Бухоро аҳолиси ҳам кўтаринки руҳда қарши олмоқда. Зеро, вилоятда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, ижтимоий соҳаларда ҳам қатор ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
— Маълумотларга қараганда, вилоятимизда жорий йилнинг дастлабки ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 106,3 фоизни ташкил этди. 16,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, — дейди донгдор фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов. — Истиқлол байрамини биз деҳқонлар ёруғ юз билан қарши оляпмиз. Давлатга дон сотиш шартномавий режаси ошириб бажарилди. Пахтачиликда ҳам яхши натижаларга эришиш саъй-ҳаракатидамиз. Ютуқларимизга давлатимиз раҳбари томонидан «Уйчи», «Сайхунобод», «Ғиждувон» туманлари тажрибаси асосида ишлаш тизими белгилаб берилгани асос вазифасини ўтамоқда.
Суҳбатдошимиз бу фикрларни вилоят марказидаги «Кўҳна ва боқий Бухоро» марказида жойлашган амфитеатрда билдирди. Бу сўлим гўшада Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Маросим аввалида вилоят ҳокими истиқлолнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти, барча жабҳада эришилаётган натижалар, «Инсон қадри» учун тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Тўпланганларни, улар тимсолида вилоят аҳолиси ва меҳмонларни айём муносабати билан қутлади.
Она Ватан, тинчлик, мустақилликни улуғловчи куй-қўшиқлар жамланган бадиий-мусиқий композиция барчага байрамона кайфият улашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг