Бухорода аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда яна бир қулайлик яратилди

14:22 13 Октябр 2023 Жамият
533 0

Фото: “Халқ сўзи”

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида комбустиологик ва токсикологик реанимация бўлими фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур бўлимда куйиш жароҳатини олганлар, заҳарланганлар, буйрак етишмовчилиги хасталиги билан оғир ҳолатга тушган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилади. Бўлим олти бемор ўрнига эга. Бу ерда халқаро стандарт талаблари даражасида муолажа ишларини олиб бориш учун барча қулайликлар яратилган. Бўлимда хорижий клиникаларда малака оширган, муайян тажрибага эга малакали шифокорлар фаолият юритишади.

— Мамлакатингизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдик,—деди бўлим очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда сўз олган Россия Федерациясининг академик Павлов номидаги 1-Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети профессори Вадим Теплов.-—Мазкур бўлим ҳам жаҳон стандартлари асосида жиҳозлангани билан эътиборимизни тортди. У беморларга тезкор шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб, кўплаб инсонларга ўз оилалари бағрига саломатликларини тиклаган ҳолда қайтишдек бахтни туҳфа этади, албатта.

Айтиш жоизки, филиалда сўнгги беш-олти йил давомида умумий қиймати 25 миллиард сўмдан зиёд бўлган замонавий қабул-диагностика ва жарроҳлик блокларидан иборат иншоотлар, шунингдек, 135 ўринли бино қурилди. Филиал кечаю кундуз ишловчи тиббий кислород ишлаб чиқариш станциясига эга бўлди, 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер