Бухорода 36 минг 529 нафар йигит–қиз сайловда биринчи бор овоз бермоқда

10:54 24 Октябр 2021 Жамият
485 0

Фото: Халқ сўзи

Кутилганидек, мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Бухорода ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови фуқароларнинг фаол иштироки остида ўтмоқда. Сайлов участкалари сари ошиққан ҳамюртларимиз орасида кўплаб ёшларни учратиш мумкин. Маълумотларга қараганда, Бухоро вилоятидаги сайловчиларнинг 335 минг нафардан зиёдини 28 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Шуларнинг 36 минг 529 нафари сайловда биринчи марта овоз бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3–Бухоро округ сайлов комиссиясидан хабар беришларича, бу ёшларнинг муҳим сиёсий тадбирда фаол қатнашишлари учун бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Турли манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган “Ёш сайловчи” лойиҳаси доирасидаги учрашув ва мулоқотларда йигит – қизларнинг сайлов тўғрисидаги билим ва тушунчалари бойитилди, улар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга тўлақонли жавоб олдилар.

Шундай ёшлардан бири Аҳмад Қосимовни Бухоро шаҳридаги 30 – сайлов участкасида учратдик.

– Бухоро давлат университети талабасиман,- дейди у. – Бу кун мен учун ҳаётимнинг унутилмас дамларидан бирига айланди. Негаки, сайловда илк бор қатнашяпман. Мен ҳам юртимизнинг нурли эртасига пойдевор қўядиган энг муносиб номзод учун овоз бердим.

Мазкур сайлов участкаси бўйича жами 61 нафар йигит-қиз сайловда илк бор овоз бериб, ўз хоҳиш-иродасини намоён этди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер