Бухорода 100 нафар ўқитувчи 1000 доллардан маош олмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Давлатимиз томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қолаверса. устозларнинг фидойилиги туфайли жорий ўқув йилида 300 нафардан ортиқ бухоролик ўқувчи хориж ҳамда мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртлари талабаси бўлишди. Таълим муассасалари ўқувчиларининг 676 нафари мактабни олтин, 147 нафари кумуш медаль билан тамомлади.
Дарвоқе, 2022 йили мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи вилоятда 32,9 фоиздан 39,7 фоизга кўтарилган, бу натижа бўйича вилоят мамлакатда пешқадам бўлганди.
— Айтиш жоизки, ўқувчиларимизнинг бу каби ютуқларни қўлга киритишида фидойи ва жонкуяр педагогларнинг хизматлари ниҳоятда катта,— дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ф. Қурбонов. — Ўз навбатида юртимизда бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Вазир жамғармаси устамасининг жорий этилиши ҳам бу борадаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Жорий йилда мазкур устама учун ўтказилган танловда 177 нафар ўқитувчи ғолиб чиқди. Эндиликда улар тўққиз ой мобайнида иш ҳақига қўшимча 5 миллион сўмдан ортиқ устама оладилар.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланишича, айни пайтда вилоятда 1000 доллар миқдорида ва ҳатто ундан кўп иш ҳақи олаётган мактаб ўқитувчилари сони 100 нафардан ошди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг