Бухоро вилоят ҳокими маҳаллий ва халқаро рейслар 27 тага етказиш режалаштирилганини маълум қилди
Жорий йилнинг 17 декабрь куни халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилишида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида жами 27 та рейс ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилди.
Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, жами рейслар сонидан 3 таси ички йўналишлар: Бухоро – Фарғона, Бухоро – Самарқанд, Бухоро – Термиз, шунингдек, 24 та хорижий йўналишлар бўлади.
Келгуси беш йилда вилоятга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимининг ортишини ҳисобга олиб, 2026 йилга бориб меҳмонхоналарнинг умумий сонини 679 тага етказиш режалаштирилган. 2026 йилга келиб вилоятга ташриф буюрадиган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони 5,1 миллионга етади, деди Ботир Зарипов.
Унинг таъкидлашича, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида мустақил сайёҳларни қўшганда сайёҳлар сони 2,1 миллион кишини ташкил этган бўлса, шундан хорижлик сайёҳлар сони 41,2 минг нафардан ортиқни ташкил этди.
Шунингдек, 2022-2026 йилларда вилоятда бўлиш муддатини узайтириш учун 60 та янги туристик йўналишлар ташкил этилади. Вилоятнинг туризм салоҳияти юқори туман ва шаҳарларида 7 та «Туристик маҳалла», «Туристик қишлоқ» ва «Туристик кўча» ташкил этилади.
Бухоро вилоятида 800 дан ортиқ маданий обидалар 7 та Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, тарихий меросимиз босқичма-босқич қайта тикланади. Шу билан бирга, Халқаро олтин ва заргарлик буюмлари фестивали ҳамда навбатдаги Халқаро мақом санъати фестивали вилоятимизда бўлиб ўтади, – деди вилоят ҳокими.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг