Бухоро шаҳрида 1,28 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди

13:47 20 Октябр 2023 Жамият
303 0

Фото: Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони билан мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи бир қатор тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.

Шунингдек, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш борасида ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Бу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорини эслашнинг ўзи кифоя. Шу қарор асосида Бухоро вилояти шаҳарлари ва туманларида 637,5 гектардан иборат бўлган 5449 та ер очиқ аукцион савдоларига чиқарилди. 814 та ер майдони аукцион савдолари орқали реализация қилинди. Бу 67,5 гектарни ташкил қилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бино ва иншоотларни бартараф этишга доир ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш масалаларига бағишлаб Бухорода ўтказилган матбуот анжуманида мазкур далилларга журналистлар эътибори қаратилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ж. Арашовнинг таъкидлашича, афсуски, айрим жисмоний ва юридик шахслар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилиш ишларини олиб боришмоқда. Шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузишяпти.

Таҳлилларга кўра, биргина Бухоро шаҳри ҳудудида жорий йилнинг 9 ойи давомида жисмоний шахслар томонидан 98 та ҳолатда 1,28 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланган. Шаҳарда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ерни ўзбошимчалик билан тасарруф этиш икки бараварга ошган.

Табиийки, бу каби ноқонуний ҳаракатлар пайини қирқиш чоралари кўрилмоқда. Аниқланган қонунбузилишларнинг 6 тасида ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари дастлабки ҳолатига қайтарилди. 92 та иш бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Шундан 61 та ҳолатда даъво аризалар қаноатлантирилди.

Тадбирда яна бир далил тилга олинди. Аниқланишича, Бухоро шаҳрида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида баъзи жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган ер майдонларида 44 та ҳолатда шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузиб, қурилиш ишларини бажаришган. Мазкур объектлар амалдаги талабларга риоя этилмаганлиги, мазкур бинодан фойдаланувчиларнинг ҳаётини хавфга қўйиши сабабли уларни бартараф этиш мақсадида суд органларига даъво аризалари киритилди.

Ҳозирда, ваколатли органларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаган ер майдонларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилган бино ва иншоотларни бартараф этиш бўйича даъво аризаларининг 74 таси (13 та турар, 61 та нотурар) да мажбурий ижро этишга қаратилган. Бугунги кунда уларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида ОАВ ходимлари умуммиллий бойлигимиз саналган ердан тўғри фойдаланиш, бунда қонунчилик талабларига риоя этиш билан боғлиқ саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер