Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги биноси ўз фаолиятини бошлади
Бухоро шаҳрида Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу таълим даргоҳи нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон тиббиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасасига айланади.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг табриги вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аскар Баҳронов ўқиб эшиттирди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасалари ректор ва проректорлари, тиббиёт муассасалар раҳбарлари, хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда талаба ва ўқитувчилар иштирок этди.

Таъкидландики, Президентимизнинг тиббий таълимни комплекс ривожлантиришга қаратилган қарорлари мамлакатимизда тиббий таълим муассасаларида кадрлари салоҳиятини оширишга, тиббиёт олий ўқув юрти талабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва пировард натижада юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Тантанали очилиш маросимдан сўнг кампус бўйлаб экскурсия ташкил қилинди. Меҳмонлар янги бинонинг имкониятлари ва бу ерда жойлашган замонавий клиника ҳамда Симуляцион марказ фаолиятига юқори баҳо беришди. Таъкидлаш жоизки, мазкур бино қурилишига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил март ойида Бухоро вилоятига қилган сафари давомида берилган топшириқлари дастуруламал бўлди.
Бухоро давлат тиббиёт институти 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ОТМда 8 та факультет ва 42 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда 12 та бакалавриат ҳамда 24 та мутахассислик бўйича магистратура йўналишлари кадрлар тайёрланмоқда.
Тиббиёт соҳасига малакали мутахассислар тайёрлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида келгуси ўқув йилидан яна 2 та янги факультет, 3 та кафедра, 1 та бакалавриат ва 6 та магистратура йўналишида мутахассислик очилиши кўзда тутилган.
Куннинг иккинчи ярмида, янги фойдаланишга топширилган тиббиёт институтининг кичик мажлислар залида мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари ректорларининг раёсат кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда миллий тиббиёт ва фармацевтика таълимини модернизация қилиш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, таълим олаётган ёшларга маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга ошириш масалалари борасида сўз борди. Юртимиздаги олий таълим муассасаларида замонавий таълим методикалари, илғор хорижий давлатларнинг ўқув дастурлари орқали яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, етук кадрларни тайёрлаш масаласини муҳокама қилинди.
Малакали шифокор тайёрлаш учун ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш бунинг учун ўқув режаларида клиник ва клиника олди фанлар блоклари улушини кескин кўпайтириш, клиник амалиётга асосий эътибор қаратиб, назария ва амалиёт интеграциясини таъминлайдиган таълим сифатига эришишга урғу берилди. Шунингдек, бир қатор раҳбарлар ўзларининг тақдимотлари билан иштирок этди.
Йиғилишда юртимиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари таълим тизимини янада такомиллаштиришда ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш масалалари муҳокама қилиб, қатор муҳим масалалар бўйича мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг