Буйрак трансплантацияси орқали 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди — Шавкат Мирзиёев
Фото: Президент матбуот хизмати
Пойтахтимиздаги халқаро форумлар саройида давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашуви давом этмоқда.
Президентимиз соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, келгусидаги истиқболли режаларни белгилаб олиш зарурати хусусида тўхталди.
«Юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда.
Авваламбор, ҳудудларда 23 та ихтисослашган тиббиёт марказларининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операциялар ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса, туманларда биринчи марта йўлга қўйилди.
Сўнгги беш йилда янги 200 турдаги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилгани, айниқса, эътиборлидир.
Мисол учун, пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали, шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Ҳаммангиз яхши биласиз, авваллари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элга боришга мажбур эди.
Тасаввур қилинг, одам ўзи оғир касал бўлса, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаганидан ташқари, жонини ҳам хатарга қўйиб, бегона юртларда сарсон бўлиб юрарди.
Эндиликда, яратилган янги шароит ва имкониятлар ҳисобига, илгари хорижда бажарилган қиммат операциялар, ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилаётгани, албатта катта ютуқдир» деди давлатимиз раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг