Бугунни бой бериш эвазигами?.. 

23:20 29 Апрель 2020 Жамият
1649 0

Иллюстратив фото

Миллий масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжоновнинг матбуотга нисбатан айтган гаплари кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, “Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва даврга кириб келмоқда. Хусусан, босма нашрларга келадиган бўлсак, уларнинг келажагини кўрмаяпман. Аслида, бу инқирозлар бошланмаганида ҳам, газеталар аллақачон ўтмиш маҳсулоти” деган фикрини соҳа вакиллари ҳақорат деб қабул қилди. К.Алламжоновнинг газеталар бош муҳаррирларига “Қани айтинг-чи, бугун иқтисодий аҳволингиз қандай? Журналистларга ўз вақтида ойликларни тўлашга қийналмаяпсизми? Қўл остингиздаги ҳалол ва ватанпарвар ходимларингиз келажаги ҳақида қайғуряпсизларми?” деган саволни қўйиши мутлақо ноўрин. Нега десангиз, худди шу сўровни мамлакатнинг телерадио соҳасидаги қудратли монопол ташкилотига ҳам бериб кўринг – сиз ҳам, улар ҳам хижолат!

Ўзбекистонда радионинг тарихи юз йилга тенг, “ойнаи жаҳон” солномаси эса 1956 йилдан бошланади. Илк газета пайдо бўлганига 140 йил тўлди. Лекин на радио, на телевидение ўтган бир аср мобайнида газета-журналга қараб “Ўв, умринг тугади. Энди сен ўтмишсан!” деб ўдағайламаган. Аксинча, оға-ини бўлиб, бир-бирининг камини тўлдириб ишлаб келган. Ким билибди, ўзидан тўраган Интернет вояга етадию, кунларнинг бирида кимлардир “кенжа”нинг ҳақини пеш қилиб, оға-иниларни бир-бирига гиж-гижлайди деб?

Халқимизнинг икки асрлик кечмишини, хуш-нохуш воқеа-ҳодисалар манзарасини ўрганишда асосан иккита манбага таянамиз. Бири матбуот, иккинчиси китоб. Очиғини айтганда, ҳеч бир манба кундалик ҳаётни матбуотчалик аниқ акс эттиролмайди. Икки асрни кунма-кун, ҳафтама-ҳафта битган муаррих бормикан? Дейлик, чор маъмурлари даври бўладими, совет даври бўладими, беихтиёр ўша йилларда чиққан газета-журналларга мурожаат этамиз.

Роппа-роса бир юз қирқ йиллик ўтмишни минг бир машаққат ила китоб ҳолига келтириб, “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” дея бизга тақдим этган устозимиз Бойбўта Дўстқораевга ташаккур айтишимиз керак. “Битсин босма нашрлар!” дея ўтмишга ўт қўймоқчи бўлаётган замонавий геростратларимиз ана шу дарсликда акс этган матбаачилигимиз тарихи, халқимизнинг аянчли турмуши, зулм ва истибдодга нисбатан очиқ ва пинҳона курашлар тарихини ўқигач, нима дер экан? Балки айрим дасти узун сармоядорлару бойларимизнинг маърифатга хайрихоҳлик ила қарагани, газета-журналларнинг таъсисчи ва ношири бўлганини кўриб, баёнотининг тескарисини айтиб юборармиди...

Мен бир тадқиқотчи сифатида Ўзбекистоннинг мустақиллик арафасидаги ҳаётини ўрганиш мақсадида ўтган асрнинг 80-йиллари иккинчи ярми ва 90-йиллар бошидаги матбуот тахламлари билан танишдим. Изланишларим бир китоб бўлди. Миллий журналистикамизнинг мазкур “олтин давр”и соҳага кириб келаётган ёш мутахассислар учун чин маънода маҳорат мактабидир. Халқ дарди билан яшаган, бор бойлиги биргина қалам бўлган жасоратли ҳамкасбларимиз ҳали орамизда юрибди. Биз бугун бутун бир авлодни маънавий-маърифий улғайтган газета-журналлар билан кўзимизни чирт юмиб хайрлашсак, ана ўша “сўнгги могикан”ларни ҳам тириклай гўрга тиққан бўламиз.

Бугун эртаю кеч виртуал олам кезиб юрган фарзандларимиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 660 минг, “Ёшлар овози” (“Ёш ленинчи”) газетаси 400 минг, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари 230-340 минг нусхада тарқалганини тасаввур ҳам этолмайди. Мамлакатимиз хотин-қизлари эндиликда ҳатто номини ҳам билмайдиган “Саодат” журнали, мактаб болаларига бегона бўлиб қолган “Тонг юлдузи” (“Ленин учқуни”) газетаси ўша йилларда 1 миллион нусхада чоп этилганини афсона деб ўйлаши тайин.

Яқин ўтмишни ўрганмоқчи бўлган одам учун даврнинг рост-ёлғонларини ёзган бу газета-журналлардан бошқа яна қандай қимматли манба бор деб ўйлайсиз? Ўшанда ҳам худди бугунгидек радио, телевидение гуриллаб турган. Одамлар “Сўнгги ахборот”у “Ахборот”ни киприк қоқмай тинглашган. Лекин ҳавога совурилган беадоқ эфирни ким далил қилиб қўлтиқлаб юра олади?!

Шу маънода, бугунги улкан сиёсий, иқтисодий, маданий, маърифий янгиланишларни, дейлик, чорак асрдан кейин нимага таяниб тадқиқ қилиш мумкин деб ўйлайсиз? Ҳар бир давлат, миллат муайян даврдаги шонли тарихини келажак авлодлар ўқиб-ўрганишини, аждодлари билан фахрланишини истайди. Истайдигина эмас, шундоқ бўлишини мутлақо табиий деб билади. Ана шу ҳақиқатдан келиб чиқсак, бугунги даврдаги интилиш ва ҳаракатларимизу қўлга киритаётган ютуқларимизни эртанги авлод нимадан ўрганади? Кечаю кундуз бетиним ишлаётган телерадиоканаллар дастурлари ўшанда нечоғли асқатади? Бугун ҳамма завқланиб кўраётган кўрсатувлар, қизғин баҳсу мунозаралар, онлайн репортажларнинг неча фоизи йигирма беш йилдан кейин ҳужжат сифатида сақланиб қолади?..

Бугун ҳеч ким интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларнинг аҳамиятини инкор этмайди. Лекин сайтлару ижтимоий тармоқлар босма нашрлар ўрнини босади, дунёдаги аксарият газеталар асосан шу усулга ўтган, дейиш бирёқлама қарашдан бошқа нарса эмас. Сайт ва бирор бир ижтимоий тармоқдаги мақолани маълум бир муддатдан кейин тополмай хуноб бўлишингиз тайин. Қолаверса, газетадан бегоналашган ўқувчи албатта сайтга ошно бўлади, деб ўйлайсизми?

Дунё электрон ҳукумату электрон имзога ўтганига кўп бўлди. Аммо, жаҳоннинг етакчи мамлакатларида бир кунда икки марта (тонгги ва кечки) бир неча миллион нусхада тарқаладиган газеталар онлайн журналистика, веб-сайтлар учун қурбонликка сўйилаётгани йўқ-ку!

Ўзбек аҳволи танг келганда доим дўппини бошдан олиб фикр қилган. Биз ҳозир ана шундай вазиятдамиз. Мош кетмаган жойга ловия тиқмайлик-да, давлат сиёсатини ёритаётган, маърифий жамият учун зарур бўлган газета-журналларни нафақат сақлаб қолиш, балки чекка қишлоқда яшаётган фуқароларга сонма-сон етиб боришини назорат қилишни ҳукуматдан сўрайлик. Ана шунда жафокаш элнинг “Бугуннинг эртаси бор” деган нақлига амал қилган бўламиз.

Олим ТОШБОЕВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер