Бугунги ёшлар бузилиб кетдими ёки катталар?..
Бир куни ишга кетар чоғи йўл четида тиланиб ўтирган болага кўзим тушди. Унга уч-тўрт сўм ёрдам бермоқчи бўлиб, машинани четда тўхтатдим. Мендан олдин унга яқинлашган йигитнинг суҳбати эътиборимни тортди.
— Нега тиланчилик қиляпсан? Ота-онанг борми? — сўради йигит.
—Онам бор, ногирон бувимни қарайди-да, шунга пул керак, —жавоб қилди болакай.
— Отанг нима иш қилади?
— Отам Россияда бошқасига уйланиб олган...
— Бир кунда неча пул топасан?
— Тўртта нонга пул топсам бўлди.
— Мактабга борасанми?
Болажон индамай ерга қаради.
Қисқагина суҳбат йигит учун ҳам, мен учун ҳам катта хулоса берди. Йигит чўнтагидан бир даста пулни чиқариб, унга узатди.
— Шу пулни олгинда, уйингга бор. Бундан кейин тиланчилик қилма. Ҳар куни шу вақтда сенга ўзим пул бериб тураман. Эртага мактабга кийиш учун кийим-бош ҳам олиб бераман, ўқишдан қолма, хўпми?
Болакай иккиланганча, пулни олди. Кетар чоғи қайта-қайта раҳмат айтди.
— Ўн икки йилдан буён фарзанд кутаман, — дил ёрди йигит менга. —Учрамаган докторимиз, бажармаган амалимиз қолмади. Ажрашиб кетайлик, десам, аёлимни яхши кўраман. Умид билан яшаяпмиз. Шунинг учун бўлса керак, қийналаётган болаларни кўрсам яхшилик қилгим келаверади. Бу болани кўринг, ақли-хуши жойида, онасига ёрдам бўлсин, деб тиланчилик қилишга ҳам рози. Қандай ота экан, шундай боласидан кечиб, ўз халоватини ўйлаб юрса...
Дарвоқе, кимлардир тирноққа зор юрган бир пайтда айрим оталар уларнинг моддий таъминотидан бўйин товламоқда. Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси матбуот котиби Нурмуҳаммад Ғафуровнинг маълум қилишича, у тоифа оталар эътибордан четда қолгани йўқ. Куни кеча Қўрғонтепа туманида бўлиб ўтган Сайёр судда айрим оталарга нисбатан чора кўрилди.
Ана шундай оталардан бири фуқаро Раҳимжон Қобулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик топган даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланган бўлса-да, қарздор томонидан қасддан алимент пулларини тўламаслиги натижасида 16 млн 215 минг сўм алиментдан қарздорлик йиғилишига сабаб бўлган.
Мамасоли Ўсаров эса вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминлашдан бўйин товлаб, 14 млн. 249 минг сўм миқдордаги алимент пулларини тўламасдан вояга етмаган фарзандларининг таъминотини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Бу каби салбий хатти-ҳаракат бевафо ота бўлмиш Жамшид Алимов томонидан ҳам содир этилган. У бир нафар фарзанди учун тўлаши керак бўлган алиментни ўз вақтида тўламагани боис тўлов қиймати 9 млн 348 минг сўмни ташкил этди.
— Суд мажлисида 14 нафар шахслар Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, — дейди Нурмуҳаммад Ғафуров. — Бу каби суд мажлислари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда. Мақсадимиз, ҳеч бир фарзанд ота таъминотидан бебаҳра қолмаслиги керак.
Фарзандлар нафақат, моддий таъминотдан, балки ота тарбиясидан, меҳридан мосуво бўлмаслиги даркор. Биз болаларни тарбияси бузилиб кетди, дея айблашдан олдин уларга тарбия беришдан бўйин товлаётган оталарни айблашимиз ўринлироқдир. Унутманг, фарзандларнинг ҳаётда, жамиятда тутган ўрни биз катталарнинг уларга берган тарбиямиз, эътиборимиз ифодасидир. Энди айтинг-чи, болангиз киму, сиз ким бўляпсиз, замондош?..
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг