Бугун Фарғона шаҳрида “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик II форуми” ўтказилади
Жаҳон банки ва Европа иттифоқи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази, “Annexure Financial Solutions” компанияси томонидан ташкил этиладиган ушбу форумда мева ва сабзавотлар етиштирувчилар, фермерлар, экспортчилар, соҳа олимлари ва мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этади.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг амалий ижроси, мамлакатимиздаги мева-сабзавотчилик соҳасидаги етиштириш, маркетинг сотиш ва экспорт масалаларида олиб борилаётган ишлар ва натижалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Форумда соҳа олимлари ва экспертлари томонидан қатор долзарб мавзуларда таҳлилий таклифлар билдирилади.
“Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак” лойиҳаси эксперти, бош маркетолог Ҳусан Ҳайдаровнинг “Мева ва сабзавот маҳсулотларни Германия бозорига экспорт қилиш” бўйича тақдимоти ўтказилади.
Ўзбекистон мева-сабзавотчилиги селекцияси ва уруғчилигининг ҳозирги ҳолати, яъни илмий тадқиқот институтлари ва хусусий селекция масканлари Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Давлат нав синаш маркази, карантин инспекцияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг фаолияти, урурғчилик ва кўчатчиликни таҳлил қилиш, бирламчи ва нав уруғчилиги йўналишларини ривожлантириш, Сертификатлаш тизимини жорий этиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш каби долзарб муаммолар муҳокамалар марказида бўлади.
Форум мобайнида “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак” лойиҳаси эксперти Фарход Назаров, “Мева-сабзавотчилик соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари”, лойиҳа эксперти, маркетолог Сардор Абасхановнинг “Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия арабистони, Қатар ва Қувайт давлатлари бозорига экспорт қилиш” маъруза қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг