Будапештда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган илк кўргазма ташкил этилади
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов Будапешт шаҳрида Этнография музейи бош директори Лаёш Кемечи билан учрашган. Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий натижаси сифатида Венгрия томони ўз музейида ўзбек маданиятига бағишланган махсус экспозицияни ташкил этишга тайёрлигини билдирган. Бу Венгрия Этнография музейи тарихида Ўзбекистон меросига бағишланган илк йирик кўргазма бўлади.
Венгрия Этнография музейи Европанинг энг бой ва замонавий музейларидан бири ҳисобланади. Унда дунё халқаро маданиятига оид юз минглаб ноёб экспонатлар сақланади.
Мулоқот чоғида томонлар нафақат кўргазма ташкил этиш, балки музей иши, маданий меросни сақлаш ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтиришга ҳам келишиб олдилар.
Якунда икки давлат ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган маданий ташаббусларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг