Бу юртда ҳар бир инсон азиз ва қадрли

14:41 22 Август 2022 Жамият
701 0

Фото: Халқ сўзи

Мустақиллигимизнинг 31 йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрилаётган шу кунларда Самарқанд шаҳридаги «Илмобод» маҳалла марказида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида навбатдаги хайрия тадбири ўтказилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими бошқаруви ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил қилинган тадбирда ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд фуқароларга озиқ-овқат, кийим-кечак маҳсулотлари ҳамда дори-дармон тарқатилди. Шу билан бирга ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 31 нафар ўқувчи фарзандига мактаб формалари, ўқув қуроллари ва эсдалик совғалари топширилди.

— Мен Меҳрибонлик уйида тарбияланганман ва ҳозирда «Илмобод» маҳалласида жойлашган, ҳокимият томонидан ажратилган ижтимоий уйда яшайман, — дейди Парвина Зайниева. — Ёлғизлигимизни билдирмай, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келаётган давлатимиздан, яхши инсонлардан миннатдормиз.

Тадбир сўнгида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан байрам дастурхони ташкил қилингани, айниқса, болажонларнинг қувончига қувонч қўшди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер