Бу йил Сурхондарё вилоятида 1 млн. доллардан ортиқ IT хизматлари экспорт қилинади

15:31 24 Февраль 2023 Жамият
453 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги санъат саройида ёшларни IT соҳасига қизиқтириш, уларга мотивация бериш мақсадида мазкур йўналишда катта муваффақиятга эришган, малакали мутахассислар иштирокида «Меetup” тадбири ташкил этилди. Унда Сурхондарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов соҳа вакилларига мурожаат йўллади.

Қайд этилганидек, бугунги кунда IT соҳаси тобора ривожланиб, ҳаётимизнинг барча жабҳасига шиддат билан кириб бормоқда. Шунга кўра воҳада соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ёшларни IT соҳасига қизиқтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, таълим бериш, малакали мутахассислар етиштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, вилоятда айни соҳада малакали кадрлар етишмайди, бор кадрлар ҳам бармоқ билан санарли. Кадрлар етишмаслиги натижасида ушбу йўналишда корхоналар ташкил этилмаган. 2022 йилда вилоятда IT маҳсулотлари умуман экспорт қилинмаган.

Тадбир давомида ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида жорий йилда IT соҳасида 3 минг нафардан ортиқ мутахассислар тайёрлаш, 65 минг нафар ёшларни “Coursera” таълим платформасида бепул ўқитиш, 1 млн. доллардан ортиқ IT хизматларини экспорт қилиш, соҳага қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга шароит яратиш мақсадида IT парк филиали ва академиясини қуриш чоралари кўрилаётгани айтиб ўтилди.

Вилоят раҳбари ўз мурожаати якунида ёшларнинг IT соҳасини ўрганишлари ва фаолиятларини бошлаш учун барча имкониятлар яратиб берилишини урғулади.

Шундан сўнг соҳада муваффақиятга эришган малакали мутахассислар, IT тадбиркор, “Smartup” ва “Verifix” корхоналарини автоматлаштириш тизимлари асосчиси, B2B соҳасида 17 йиллик тажрибага эга тадбиркор Абдуқаҳҳор Тошмуҳаммедов ва «ТenХ Coders” компанияси асосчиси Умид Негматуллаев ёшларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Ўзаро мулоқот чоғида тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олишди.

Илҳом РАҲМАТОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер