Бу йил қишда газ бўладими?

13:27 27 Май 2021 Жамият
1967 0

Халқимизда «Қиш ғамини ёзда е» деган нақл бор. “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали жамоаси бу нақлга амал қилишни баҳорданоқ бошлаб юборишди. Ортда қолган мавсумдаги таъминотдаги узилишлар, газ тақчиллиги каби айрим ҳолатлар бунга сабаб бўлгани табиий. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ҳаракатларни янада жонлантирди. Филиалда бўлиб ўтган навбатдаги Матбуот анжуманида мавзуга доир олиб борилган ишлар юзасидан маълум қилинди. Табиийки, ташриф буюрувчиларнинг ҳаммасини бир савол қизиқтирди: «Бу йил қишда газ бўладими?»

- Айни пайтда филиалимиз томонидан 0.5 км узунликдаги газ қувури ҳамда 11 та газ тақсимлаш қурилмаларини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда,-дейди филиал бош муҳандиси Акромжон Марзаҳматов. -Шунингдек, мавжуд 4597 дона газ тақсимлаш қурилмаларини техник кўрикдан ўтказиш ишлари давом этяпти. Қолаверса, қувурни босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш, ер ости газ қувури ҳолатини назоратдан ўтказиш ишлари якунига етиб қолди. Ушбу ишларни сифатли амалга ошириш орқали 30 та МФЙ ўрамидаги 15 минг 921 та аҳоли хонадонларидаги табиий газ таъминотини янада яхшилашга эришамиз.

Анжуманда таъкидланганидек, вилоятда 425 мингга яқин истеъмолчиларга газ 575 минг донадан зиёд маиший баллонлари орқали етказиб берилмоқда. Бунинг учун 4 та газ тўлдириш станцияси ва шахобчалари фаолият юритмоқда. Уларнинг ойлик газ тўлдириш қуввати 4860 тонна ва газ сақлаш қуввати 457 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга. Шу кунгача 500 мингдан ортиқ маиший газ баллонларига штрих кодли стикерлар ўрнатилди ва барча истеъмолчилар ID карталар билан таъминланди. Бу орқали ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олди олиниб, истеъмолчига шаффоф хизмат кўрсатишга эришилди.

Демак, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари авжида. Истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериши, шубҳасиз. Шу ўринда, юқоридаги саволга жавоб излаганларга эслатиб қўйишни ҳам лозим топдик. Хонадонларга етказиб берилаётган табиий газ уйимизни иситиш мақсадига йўналтирилмаганлигини унутманг. Ана энди, иккинчи савол келиб чиқади: Хўш, у ҳолда уйимизни қандай иситамиз? Бу энди кейинги мақоламиз мавзуси.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер