Бу галги муаммо мотороллер!

17:11 07 Октябр 2019 Жамият
1461 0

“Алло, бу - Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерациясими? Исмим Де Дмитрий Дюбеевич, Когон шаҳар “Амир Темур” кўчасида истиқомат қиламан. Яқинда Бухоро шаҳар “Hayot Gold” МЧЖ га қарашли мототехникалар дўконидан 12.100.000 сўмга мотороллер (мотоцикл) харид қилдим. Лекин орадан бир неча кун ўтмасидан...“

Ушбу истеъмолчи мурожаатини мантиқий давом эттириш қийин эмас. Кунда бўлмаса кунора шунга ўхшаш муаммоли вазиятларга тўқнаш келамиз. Носоз ва сифатсиз товарлардан азият чекадиганлар орамизда кўпчиликни ташкил этади. Тўлов қилишдан олдин яхшилаб кўриб, текшириб олиш керак деган тушунча ҳам баъзи ҳолларда ўринсиз. Янги техника бўлса, кафолатли сотилса, бинойидек ишлатиб кўрсангиз-у, уйга келтиргач “ҳунарлари“ намоён бўлса! Тадбиркор билан муроса қилиш анчайин мушкул, айбни харидорга ағдаради. Бир сўм, икки сўмлик харид бўлса-ку қўл силтаб кетаверсангиз. Нақд 12.100.000 сўм пулингиз ҳавога учса, қандай қаноат қилиш мумкин?! Ахир ҳеч ким пулни кўчадан супуриб олмайди-ку.

Юқорида мурожаати акс этган Де Дмитрий ҳам сифатсиз мотороллер сотиб олгану, энди дардини кимга айтишни билмай аросатда. Бўзчининг мокисидек тадбиркор ёнига қатнайвериб чарчаган қаҳрамонимиз кўриб турганингиздек Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига ариза қолдиришга мажбур бўлди. Мутасаддилар муаммони тезкорлик билан ҳал этишди. Харид қилинган носоз мотороллер тадбиркорга, 12.100.000 сўм тўлов эса Дмитрийга қайтарилди. Тадбиркор истеъмолчи ҳуқуқи нечоғлиқ ҳимоя қилинишини, истеъмолчи Де Дмитрий муаммо туғилганда ортиқча сармоя ва вақт йўқотиб юрмасдан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қилиш кераклигини тушуниб етди!

Амирхон Ахмадов

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер