Бўзсув каналининг бугунги ҳолати қандай?
Хабарингиз бор, Бўзсув канали атрофида юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.
Тарих, деб аталмиш бепоён саҳнада ўз ўрнига эга бўлган бу сув йўли йиллар давомида пойтахт аҳлининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириб келган. Бугун ҳам шундай. Ҳолбуки, сўнгги йилларда Бўзсув қирғоқлари дилни хира қилувчи тус олганди. Боболаримиз ёшлигида кулчасини ивитиб еган, болаликнинг энг ширин дамлари қирғоқларида қолган каналга эътиборсизлик кеча бошланмади. Зотан фақатгина 1971 — 1977 ҳамда 1995 — 2000 йилларда канални реконструкция қилиш бўйича ишлар амалга оширилган, холос. Орадан 18 йил вақт ўтди. Шу давр ичида каналга муносабат ёмон тарафга кетса кетдики, яхшилаш томонга ўзгармади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази берган маълумотларга кўра, Чирчиқ шаҳрида сектор раҳбарлари бошчилигида тузилган ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари натижасида аниқланган 144 та ноқонуний бостирмалар, ҳимоя ҳудудидаги ўзбошимча қурилишлар бузиб ташланди. Бунинг учун 456 та махсус техника жалб қилиниб, улар ёрдамида канал ва унинг қирғоғидан 1345 тонна чиқинди олиб ташланди.
Шунингдек, Чирчиқ шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан каналнинг муҳофаза ҳудудига чиқинди ташлагани учун фуқароларга нисбатан 10 та маъмурий баённома тузилди. Сув ёқасидаги 61 хонадонда камчиликлар аниқланиб, бартараф этилган. Эндиликда янгиланган канал, яна асл қиёфасини йўқотмаслиги учун тарғиботга суянилмоқда. Бундан буён унинг дуч келган ерида чўмилиш ҳам қатъий таъқиқланди. Буни аҳолига эслатиб туриш учун 41 та махсус баннерлар ўрнатилди.
Сув йўлининг 24 километри Қибрай тумани ҳудудидан ўтади. Шу боис, тозалаш тадбирлари бу ерни ҳам четлаб ўтмади. 300 дан ортиқ ишчи ҳамда 26 та махсус техника жалб этилиб, кенг кўламли иш йўлга қўйилди. Муҳофаза ҳудудидаги 323 та ноқонуний қурилган иншоот аниқланиб, секторлар бўйича тузилган ишчи гуруҳлар томонидан уларнинг эгалари огоҳлантирилди ва қурилмаларни бузиш ишлари бошлаб юборилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг