Бож миқдори қарийб беш ярим бараварга камайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари фаолияти билан шуғулланганлик учун давлат божи ставкалари миқдорларини мақбуллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда 5 та уяли алоқа операторлари ҳамда 1 та уяли алоқа хизматларини кўрсатувчи уяли алоқа виртуал оператори (провайдер) фаолият кўрсатиб келмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу тадбиркорлик субъектларининг хизмат кўлами тубдан фарқ қилсада, ҳам уяли алоқа операторлари, ҳам уяли алоқа виртуал оператори (провайдер) бир хилда лицензия божини тўлаб келяпти.
Мазкур қонун лойиҳаси билан ўзининг мустақил алоқа тармоғига эга бўлмаган ва алоқа тармоқлари мавжуд уяли алоқа операторларининг тармоқлари орқали радиотелефон (уяли) алоқа хизматларини кўрсатувчи уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) учун лицензия беришга алоҳида давлат божи ставкалари миқдори белгиланмоқда. Энг муҳими, бож миқдори қарийб беш ярим бараварга камайтирилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши уяли алоқа виртуал оператори сифатида алоқа хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъмолчиларга замонавий уяли алоқа хизматларини тақдим этиш имкониятларини кенгайтириш, ушбу йўналишда инвестиция муҳитининг яхшиланишига ва рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди, ундаги айрим нормалар бўйича қатор саволлар кўтарилди. Депутатлар қонун лойиҳасининг жуда долзарблиги ва айни чоғда зарурлигини эътиборга олиб, уни қабул қилдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг