Босиб олинган Фаластин ҳудудидан Исроил қўшинлари чиқиб кетишини талаб қилувчи резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон қандай овоз берди?
Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеяси Исроилдан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидан кучларини олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда «UN News» хабар берди.
Маълум бўлишича, БМТга аъзо давлатлар Исроилнинг Фаластин ҳудудларини бир йил (12 ой) ичида оккупация қилишини тўхтатишини талаб қилган. Агар қарор Исроил томонидан бажарилмаса, аъзо давлатлар Тел-Авивга санксиялар киритиш талабини ўз ичига олган резолюцияга имзо чекишган.
Қайд этилишича, бир қатор ташаббускорлар томонидан таклиф этилган резолюция учун 124 та делегация овоз берди. 43 та давлат бетараф қолди, 14 таси эса қарши чиқди, дейилади БМТ матбуот хизмати хабарида.
Берилган маълумотлардан кўринадики, Ўзбекистон ҳам босиб олинган Фаластин ҳудудидан Исроил қўшинлари чиқиб кетишига овоз берган.
Резолюция Исроил қўшинларини Фаластин ҳудудларидан олиб чиқиб кетишни, янги аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатишни, босиб олинган ерлар ва мол-мулкни қайтаришни, шунингдек, кўчирилган фаластинликларни қайтариш имкониятини талаб қилади.
БМТ Халқаро судининг 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудлари босиб олиниши «ноқонуний» деган маслаҳат хулосасига асосланади.
Исроил резолюцияни қатъиян рад этган ва Исроил давлатининг БМТдаги доимий вакили Дани Данон овоз беришни «Фаластин мухториятининг дипломатик терроризмини қўллаб-қувватловчи шармандали қарор» деб атаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг