Бошқарув сервис компаниялари халқ хизматида
Саид Донишев/«Халқ сўзи». Жиззах вилоятда жами 2448 та кўп квартирали уй-жойлар мавжуд бўлиб, бу уйларга ҳудуддаги 31 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатади. Вилоятда лифт ускуналари мавжуд уй-жойлар 65 тани ташкил этади.
Айни пайтда вилоятдаги 6 та бошқарув ташкилотлари хизмат кўрсатишга ихтисослашган маъмурий биноларда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Қолганлари бошқа ташкилотларнинг биноларида ижара ва уйларнинг ертўла қисмларида фаолият олиб боради.
Бошқарув сервис компаниялари томонидан икки йил мобайнида жами 349 та ҳар хил турдаги иш ўринлари, шунингдек, 500 га яқин автотранспорт, мотороллер, авария анжомлари ва бошқа кўринишда моддий техника базалари яратилди.
Жиззахлик мутахассислар асосий эътиборни дебитор қарздорликларни қисқартиришга қаратди. Хусусан, йил бошидаги 31,8 млрд. сўмлик дебитор қарздорлик бугунги кунга қадар 19,7 млрд. сўмга қисқартирилди. 2024 йилнинг 25 июнь ҳолатидаги қолдиқ қарздорлик 12,1 млрд. сўмни ташкил этади. Қарздорликни мажбурий тартибда ундириш мақсадида судларга 16,7 млрд. сўмлик 16 518 та даъво аризалари киритилди. Натижада, ойлик ундирилиш лозим бўлган бадал маблағларининг сезиларли ўсиши кузатилмоқда.

Мазкур ундирилган маблағлар ҳисобидан 46 та уйларнинг том, 15 та уйларнинг фасад, 100 та кириш йўлаклари, 15 та уйларнинг муҳандислик коммуникация тизимлари, 386 та электр тақсимловчи шитларни таъмирлаш ҳамда 33 та кодли темир эшикларни ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
МЧЖ шаклидаги «Искандар авлоди» бошқарув сервис компанияси бугунги кунда Жиззах шаҳридаги 66 та кўп квартирали уйларга намунали хизмат кўрсатиб келади.
— 2023 йилги давлат дастури доирасида 20,0 млрд. сўм давлат маблағи ҳисобидан жами, 51 та уй-жойларнинг майдонлари мукаммал таъмирдан чиқарилди, — дейди Жиззах вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Абдуллаев. — Бунда 48 та уйларнинг том қисми, 15 та уйларнинг муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш, 31 та уйларнинг ички иссиқлик қувурларини тиклаш, 314 та фрамуга ромларни ўрнатиш, 1 та уйдаги 2 дона лифт мосламаларини янгилаш, туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини қуриш ишлари амалга оширилди.
Ўз вақтида ундирилган дебитор қарздорлик маблағлари ҳисобидан Бошқарув сервис компанияси ҳудуддаги 12 та уй-жойларнинг умумфойдаланишдаги майдонларини иш турларига кўра мукаммал таъмирдан чиқариб, мулкдорларга 0,587 млрд. сўмлик коммунал хизматлар кўрсатилди. Бошқарув сервис компаниясининг яратилган моддий техник базаси республикадаги намунали сервис компаниялар қаторига киритилди.

Лекин ҳали у соҳада қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Зафаробод тумандаги 113 та кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи МЧЖ шаклидаги «Зафаробод махсус коммунал сервис» бошқарув компанияси фаолияти қониқарсиз топилди. Мазкур компания томонидан ўтган икки йил давомида атиги 4 та иш ўрни яратилган. Кўп квартирали уйларга сифатли ва тезкор коммунал хизматлар кўрсатиш мақсадида бошқарув ташкилотлари томонидан 24/7 режимда ишловчи диспетчерлик хизматлари ташкил этилган. Бошқарув сервис компанияларининг жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида бадал маблағларини ундириш режаси 0,104 млрд. сўм бўлиб, бугунги кунга қадар 0,034 млрд. сўм қарздорлик ундирилган.
Мазкур компания ҳам ишни тўғри ташкил қилса, ҳудуд ободонлигига муносиб ҳисса қўшган, аҳоли яшаш шароитини янада яхшилаган бўларди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг