Бош вазир ўринбосари Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳаси доирасидаги объектларга ташриф буюрди
Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли сув таъминотини яхшилаш бўйича 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Қарийб 7,7 миллион аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизматидан хабар қилишларича, ушбу соҳага қўшимча равишда 40 триллион сўм инвестиция жалб этилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув тизими қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилган. Асосий эътибор чекка ҳудудларга, сув таъминоти ва сифати паст ҳудудларни ривожлантиришга қаратилмоқда.
Айтиш жоизки, Сурхондарё вилояти ҳам ана шундай ҳудудлар сирасига киради. Бу ерда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси паст эди. Президентимизнинг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган ташаббус доирасида мегалойиҳа – “Тўпаланг” сув омборидан Термизгача қарийб 382 километр узунликдаги магистраль сув тармоғи қурилиши амалга оширилмоқда. Лойиҳага кўра, Тўпаланг сув омборидаги минералларга бой обиҳаёт вилоятнинг Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Термиз, Бандихон, Қизириқ, Ангор, Музробот, Шеробод туманлари ва Термиз шаҳрига қувурлар орқали етиб боради ҳамда қарийб 2 миллион аҳоли зилол ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Асосий мақсад – вилоят аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, туман марказлари ва чекка қишлоқ аҳоли пунктларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ачилбой Раматов Сурхондарёдаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш доирасида қурилиши амалга оширилаётган объектларга ташриф буюрди.
Бош вазир ўринбосарига Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳажми, бош сув тозалаш иншооти, объектларда ўрнатилган замонавий технологиялар, автоматлаштирилган онлайн бошқариш тизими, туманларда барпо этилган резервуарлар маълумотлари борасида ахборот берилди.

Лойиҳани ўз вақтида ва сифатли бажаришда бош лойиҳачи “Гидропроект” АЖ билан Туркиянинг етакчи “АРТ Environmental Technologies LTD”компанияси ҳамкорлик қилмоқда.
Ушбу мегалойиҳа доирасида сув омборидан то Термиз шаҳригача 382 километр узунликда металл қувурлар ётқизилади. Унинг 160 километри магистраль, 222 километри эса 12 та туман ва вилоят марказини сув билан таъминлаш узелларигача бўлган ички қувурлардир.
Таъкидлаш лозимки, Тўпаланг дарёсидан келадиган сув, аввало, сув тозалаш иншоотига қуйилади. Замонавий автоматлаштирилган тизим орқали дарё суви бир неча босқичда филтрланади, хлорланади, тиндирилади, қум ва чўкиндилардан сифатли тозаланади. Сўнгра ичимлик суви магистраль қувурларга тақсимланади. Лойиҳа доирасида ҳар бир туманнинг режалаштирилган манзилида ҳажми 1 минг, 10 минг ва 20 минг куб метрдан иборат сув йиғиш резервуарлари қуриб битказилади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Раматов иштирокида Термиз ҳамда Бандихон туманларидаги сув узатиш ички ҳамда магистраль тармоқлари объектлари қурилишига старт бериш маросими ўтказилди.

Ушбу тадбирда вилоят ҳокими У. Қосимов, Термиз ва Бандихон туманлари ҳокимлари, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов, лойиҳага масъул ижрочи ташкилотлар раҳбарлари, муҳандис-қурувчилар, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа доирасида Термиз туманида 28.6 км узунликдаги ички металл сув қувури тармоғи ҳамда Бандихон туманида 9.42 км магистраль ҳамда 2.3 км ички металл сув қувури тармоғи барпо этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Умумий мукофот жамғармаси 700 минг евро бўлган шахмат турнири якунланди
- Ўзбекистонда стейблкоинлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш мумкин бўлади
- Шавкат Мирзиёев маданият ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди
- Президент уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Эрон мамлакат раҳбариятининг ўлдирилиши учун АҚШ ва Исроилни жавобгарликка тортмоқчи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг