Бош вазир ўринбосари парламент сўровини қайта кўриб чиқиб, асослантирилган жавоб бериш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 19 сентябрдаги қарори билан Бош вазир ўринбосари А.Раматовга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан парламент сўрови юборилган эди.
Жорий йил 26 октябрь куни мазкур паламент сўровига жавоб сифатида Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этилди. Ўтган вақт мобайнида фракцияларда билдирилган таклифлар асосида шакллантирилган парламент сўровидаги масалалардан келиб чиққан ҳолда, тақдим этилган маълумот батафсил ўрганиб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кенг қамровли ташкилий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Автомобиль йўллари инфратузилмасини ва уларнинг сифатини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашни замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мамлакатимизда йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналишларидан бири сифатида йўл-ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда янги бошқарув ва назорат тизимларини тадбиқ қилишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Парламент сўровига берилган жавобда ҳам бу соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусида белгиланган вазифалар тўғрисида маълумотлар келтириб ўтилган. Бироқ, ўрганиш натижалари тақдим этилган маълумотда айнан парламент сўровида кўтарилган масалаларга асосий эътибор қаратилмагани ва бунинг натижасида сўровда қайд этилган камчиликлар, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан қўйилган саволларга етарли ва тўлиқ жавоб берилмаганлигини кўрсатди.
Куни кеча ўтказилган фракциялар йиғилишларида ҳам парламент сўровига берилган жавоб атрофлича муҳокама қилинди ҳамда тақдим этилган маълумотлар етарли даражада тушунтириш берилмагани таъкидлаб ўтилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугун бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг мажлисида Бош вазир ўринбосари мазкур парламент сўровини қайта кўриб чиқиб, унда қўйилган ҳар бир масала юзасидан жорий йилнинг 1 декабрига қадар тўлиқ ва асослантирилган жавоб бериш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг