Боримсан, борлиғимсан...
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
У менга илк бор ғурурдан сабоқ берган эди. Ўшанда негадир ўзимни абгор ҳолатда ҳис қилардим. Эндигина ниш ура бошлаган майсаларнинг ҳам бахтиёрлик ила самога қўл узатаётганини кўрар, аммо ҳеч нимани ҳис қилмасдим. Нигоҳларим ердан узилмасди. Шунда тўсатдан ажиб бир овозни эшитдим ва бошимни кўтариб тепага ғарадим. Унда бир жуфт оқ кабутар мовий осмон узра гўёки рақсга тушарди. Шу-шу бўлдию мовий рангни ғалбимга жо қилганча интилишни ўргандим. Тун келди. Унинг қоп-қора бахмалдек бақридан ҳилол жилва билан боғар, ён-атрофидаги юлдузларнинг айниқса, ўн иккитаси ўзгача ярақлар, кўзни оларди. Бу файласуфона гўзаллик қаршисида бош эгиб, Ғурурни туйдим. Сурурни туйдим...
Кейинги гал уни умуман бошқача қиёфада кўрдим. У гўёки шиддат, куч-ғайрат мисоли эди. Ранги томирларимизда оқаётган қон мисоли қизил, вазифаси ҳам гўёки шундай эди. У бор жойда ёшлик шижоати пайдо бўлар, кишилар бир-бирига қалбан яқинликни ҳис қилар, ажиб бир тафтдан юзларга ҳам қизиллик кирарди. Бу юракларга муҳаббатдан ҳам юксакроқ туйғу бахш ғиларди. Мен уни ҳамиша, ҳамма ерда маҳкам тутиб қолишни истадим. Истадиму, шу онда фахр ҳиссини ҳам туйдим. Фахри баланд бу туйғуни қизил рангда дилимга жо қилдим...
Энди мен самимийликни, покликни излашни бошладим. Ахир бу ҳаётимнинг дастурул амали бўлмоғи, мени мудом тўғри йўлга бошлаб бормоғи лозим эди. Файзга, покизаликка йўғрилган бу ҳиссиёт менинг дунёимда оқ рангда, оппоқ булутларга монанд қад ростлади. Бу салгина шамолга ҳам унинг измига кириб кетаверадиган парқу булутдан тамоман фарқли эди. Гўёки нурга йўғрилишга тайёр турган бу поклик энди менинг йўлбошчим эди. Шу сабаб уни ҳаётий шиоримга айлантирганча йўлимда давом этишга аҳд қилдим. Бу қарордан сўнг бахтнинг ўзи остонамга етиб келди... Уни ҳар куни ҳис қилиш, борлигини англашнинг саодатини тушунтирмоққа қалам ожиздир...
Яшайвердим... Кунларимда баракани, баркамолликни, бардавомликни кўргим келди. Уни ўз тимсоли билан кўришни орзу қила бошладим. Шунда бағридаги ризқни кўтара олмай бошини эгган бошоқлар, ҳосили кўплигидан қаддини тик тута олмаётган дарахтларга тўла боғлар ўзларини намоён этдилар.
Билдимки, бу яшил ранг худди ёшлик элексиридек менга ҳамиша навқиронлик ҳадя этади...
Билдимки, бу ранг ўзига жо қилган ҳаётбахш қудрат доимо ардоқли...
Буларнинг барчасини бир жойга тўпладим ва сени ўз туғром деб тан олдим, зеро, мен сенинг ЎЗБЕКИСТОНинг бўлиб шаклланиб улгурган эдим...
Гули НИГОР.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг