Боқувчиси хорижга кетган оилаларга 540 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилади
Фото: Архив сурат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (ПҚ-149-сон, 01.03.2022й.) қабул қилинган.
Унга кўра,
— 2022 йил 1 майдан ҳар йили ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
— Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» (дафтарлар)дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 350 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
— Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.
Ёрдам пуллари ва йўлланмалар башарти меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар «Labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади;
Ёрдам пуллари ва йўлланмаларни олиш учун талабгорлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига «Labor migration» дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда мурожаат қилади (Яъни, талабгорлар ҳоким ёрдамчиси ёки Ёшлар етакчисига мурожаат қилмайди).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг