Боли ҳам, заҳри ҳам кони фойда

12:05 24 Апрель 2020 Иқтисодиёт
4692 0

Архив фото

Ота-боболаримиз асаларичиликни етти хазинанинг бири санашган. Боиси асал шифобахш неъмат сифатида ўз таркибида инсон организми учун зарур етмишга яқин микроэлементларни жамлаган. Бундан ташқари асаларидан олинадиган она сути, гул чанги, прополис бир қатор хасталикларга даво эканлиги кўпчиликка аён.

Бир сўз билан айтганда, асаларичилик инсониятнинг ҳар доим табиий дорихонаси бўлиб, юртимиз табиати ва иқлим шароити у билан шуғулланиш учун ниҳоятда қулай. Айниқса, унинг ривожи учун энг муҳим манба экин майдонлари, боғ-роғлар, гулзору хиёбонлар етарли. Мазкур майдонларнинг турли-туман дори ва кимёвий унсурларидан холи эканлиги эса соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шунга қарамасдан сўнгги асрда асаларичилик мамлакатимизда стихияли ривожланиб, айрим ҳудудлардагина кишилар ишқибозлик ва рўзғор эҳтиёжлари учунгина асалари тутишарди. Соф ва табиий асал таъмини кўпчилик унутиб, ихлос қилганлар уни таниш-билиш орқали топишарди. Мисол учун Қизилтепада тоза асал истаганлар Ванғози қишлоғида Муродовлар хонадонидан уни харид қилишган.

— Амаким Пўлат ва отам Темир Муродовлар ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан бошлаб асаларичилик билан шуғулланишган, —​ дейди бугунги кунда уларнинг ишини давом эттираётган Улуғбек Муродов. —​Асл касби биолог бўлган Пўлат амаким асаларичиликка илмий ёндашиб, асаларига катта зиён етказувчи “варроа” канасини йўқотишда илк бор чумоли кислотасидан фойдаланган ҳамда ундан асалари ва асаларичи заҳарланмаслиги учун махсус мослама яратган.

Ўтган аср саксонинчи йилларида дефоляцияда заҳарли воситалардан кенг фойдаланиш табиийки, асалариларга ҳам катта хавф солиб, зиён етказгани, уларнинг асаларини олиб 200-250 километргача чўлга чиқиб кетишгани кечагидек эсимда. Шу йўл билан ака-ука уларни сақлаб қолиб, кўпайтиришнинг уддасидан чиқишарди.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асрий қадрият даражасига чиққан асаларичилик равнақида янги саҳифа очди. Унда соҳани бошқариш тизимини тубдан такомиллаштиришдан тортиб, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш орқали асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларинини янада кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва илғор тажрибаларни татбиқ этишдек устувор вазифалар уларни қўллаш механизмлари ўз аксини топган.

—​ Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ўз атрофига 986 асаларичини бирлаштирган вилоят асаларичилар уюшмаси ташкил этилди, —​ дейди уюшма раиси Улуғбек Муродов. —​ Асаларичиларимиз томонидан айни кунларда жорий йилнинг дастлабки ҳосили йиғиштириб олинмоқда.

Муродовлар асаларичиликда анча йиллардан буён Украинанинг Закарпатье вилояти билан ҳамкорлик қилишади. Ўтган йили уюшма раҳбари сифатида ҳамкор мамлакатда бўлиб, 600 дона “карпат” зотли она болари олиб келган эди. Ушбу зот ҳосилдорлиги, касалликларга чидамлилиги, эрта баҳорда қисқа фурсатларда ўзини тиклаб олиши билан ажралиб туради. Бир сўз билан айтганда, у мамлакатимиз иқлим шароитига мос. Шу боис уни кўпайтириб, фермер хўжаликлари таркибида мазкур соҳа фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

—​ Асаларичилик фермерга фақат асал орқалигина даромад келтириб қолмайди, - дейди У. Муродов. —​ Сабаби у қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, уруғ етиштиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асалари чанглатган ғўзанинг ҳосилдорлиги 30, мевали боғлар, мойли экинлар, айниқса шафтоли, олма, олхўри, бодом, гилос, олча, ўрик каби мевали ўсимликларда 50 фоизгача ошиши исботланган. Бу деҳқончилик илмий асосда йўлга қўйилган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида қўлланилиб, асаларичи оладиган даромаднинг асосий қисмини чанглатишдан топади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, асалари бир килограмм асал йиғиш учун босган йўли Ер куррасини бир неча марта айланиб чиқиш билан тенг экан. Нафсиламрини айтганда, асалари тутган кишининг заҳмати ҳам бундан кам эмас.

—​ Бир мавсумда йигирмага яқин “яйлов” алиштирамиз, —​ дейди Нуротада номи чиққан асаларичи Шодмоновлар сулоласидан Тойир Шодмонов. —​ Бешта ҳудуд - Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззахни айланиб ва ниҳоят ўзимизнинг Навоий вилоятларида манзил қурамиз. Эрта баҳор бодом гулидан асал йиғишни бошлаб, кеч кузда чўл гуллари билан якунлаймиз. Қовоқ ари ва Куркунак каби қушлардан қочиб, баъзи манзилларда икки кун ҳам қололмаймиз.

Сув танқис Нуротада асаларичилик билан шуғулланиш ҳар бир оила учун кўшимча даромад бўлиши мумкин. Шу боис туман ҳокимлиги яқинда Шодмоновларга жорий мавсумда 100 оила асалари оиласига буюртма берди. Республикамиз Президенти жорий йилнинг 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида инсониятни ташвишга солган пандемия озиқ-овқат тақчиллигини вужудга келтириши мумкинлигини таъкидлаб, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги вазифаларини белгилади. Шу асосда жорий йилда вилоятда асаларичилар сафини 1400-1500 етказиш режалаштирилган. Шунингдек, асал етиштириш ҳажмини ўтган йилга нисбатан 1500 тоннага ошириб, 150 тонна асални экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими бугун мамлакатимиздаги барча туб ўзгаришлар инсон омилининг фаоллашуви, унинг меҳнат ва интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик интилишларини рағбатлантириш ҳамда шахс, жамият ва давлат манфаатдорлик муносабатлари мутаносиблигини таъминлашга қаратилган. Натижада бу янгиланишлар кишилар шууридаги иқтисодий ва маънавий қарашларнинг ўзгаришига, энг аввало жамиятимизнинг ҳар бир фуқаросида бошқалардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиш, келажакка бўлган ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер