Боланинг бегонаси бўлмайди
Анжуман
Пойтахтимизда “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси томонидан Европа Иттифоқи ҳомийлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва болаларнинг манфаатларини таъминлаш” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унда вазирлик ва идоралар вакиллари, давлат ва халқаро ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева, “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси директори Гулноза Абидова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ва бошқалар мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонуний асоси ҳамда аниқ меxанизмлари яратилганини таъкидлади. Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши, жаҳон андозалари даражасида таълим олиши, жамиятимиздаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиши учун зарур шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.
“SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа юртимиздаги муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эртамиз эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга ҳисса қўшади.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа Тошкент шаҳри, Самарқанд, Хоразм вилоятларида ўтказилади ҳамда 5 мингдан ортиқ оилани ва 15 мингга яқин болаларни қамраб олади.
Анжуманда лойиҳанинг ҳаётий аҳамияти, уни амалга ошириш механизмлари ва кутилаётган натижалар муҳокама қилинди. Лойиҳада иштирок этувчи тренерларни тайёрлаш, улар учун каскад тренинглар, ҳудудларга танишув сафарлари ўтказиш, пилот маҳаллаларда қўшма гуруҳлар тузиш ва уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш бўйича фикр-мулоҳзалар алмашилди.
— Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур лойиҳани фаол қўллаб-қувватлаганидан миннатдормиз, — дейди Ўзбекистон Республикасидаги Европа Иттифоқи делегацияси техник ҳамкорлик бўлими раҳбари Овидиу Мик. — Боланинг бегонаси бўлмайди. Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни тиббий-психологик, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Шу билан бирга, ёш авлодни ҳуқуқий, ижтимоий муҳофаза қилиш, инновацион ёндашувлар асосида уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига яқиндан ёрдамлашишга қаратилган турли машғулотлар, семинар ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.
Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг