Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилинг — Эъзоза Каримова

16:17 11 Апрель 2026 Жамият
229 0

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова таълим муассасалари ходимларига мурожаат билан чиқди.

Унда таълим тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим зиммасига юксак масъулият юклатилгани таъкидланиб, педагогларнинг касбий фаолияти ва болаларга бўлган муносабати уларнинг билим олиши билан бирга шахс сифатида шаклланишига бевосита таъсир кўрсатиши қайд этилган.

Вазир болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, уларнинг руҳий ҳолатига эҳтиёткорлик билан ёндашиш таълим ходимларининг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини урғулаган. Шунингдек, педагогик этика меъёрларига қатъий амал қилиш, ҳар қандай ноўрин хатти-ҳаракат, бепарволик ва лоқайдликнинг олдини олиш зарурлигини эслатган.

Эъзоза Каримова мурожаатида болаларга меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиш муҳимлигини алоҳида қайд этиб, ҳар бир сўз ва ҳаракат уларнинг қалбида қандай из қолдиришини чуқур англаш кераклигини билдирган.

Мурожаат якунида таълим муассасаларида соғлом ва инсонпарвар муҳитни таъминлаш, болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда амалдаги қонунчилик ва ички тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этиш қатъий талаб қилинган. Бундан ташқари, ҳар бир ходим ўз фаолияти натижалари учун шахсан жавобгар экани эслатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер