Болалар нега ҳайратланмай қўйди?
Иллюстратив фото
Бугун тилимизда болалар боғчаси, болалар дўкони, болалар шифокори деган атамалар кўп қўлланиладиган бўлди. Демак, болага эътибор кучайди. Энди болалар дўкони болаларга мослашган кийим-кечаклар билан савдо қилишга ихтисослашган ёки болалар шифокорида болаларнинг сиҳат-саломатлигига оид билимларни мукаммал ўрганишга зарурият туғилган бўлса, болалар тарбиячилари олдида ҳам улуғвор вазифалар турибди. Шунга қарамасдан, негадир фарзандларимизни моддий жиҳатдан тўла-тўкис таъминлашга алоҳида эътибор берамизу қалб тарбиясига келганда сусткашлик қиляпмиз. Бу биргина оилада эмас, боғчаларда ҳам аҳвол шу. Боғча тўлови, ўйинчоқ, гул, супурги, боғча опасининг йўл кирасигача пул йиғиш билан кунлар, ойлар йиллар ўтиб кетяпти. Лекин болаларимиз қайси китобларни ўқишни хоҳлаши, қандай музикани тинглашни ёқтириши, нимага қизиқиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ
Тўғри, беш-олти ёш болакай нимани ҳам орзу қилиши мумкин, дейдиганлар ҳам топилар. Бир пайтлар ота-боболаримиз учар гиламларда учишни орзу қилган. Бу замонлар оша самолёт ва ракеталарни кашф бўлишига туртки бўлган. Бугун ҳам кўп нарсаларни ўзгартириш, қўл меҳнатини енгиллатадиган янгилаш учун юксак орзуларга эҳтиёж сезилади. Очиғи, ҳозирги болалар ўз Интернети ва ТВлари атрофида гирдикапалак бўлиб, орзулар қанотида яшашни мақсадсиз машғулот деб тушунаётгани ташвишланарли ҳол. Уларга орзу ортиқча, бунга ўйинчоқдек муносабатда бўлаётгани борини ҳам йўққа чиқаряпти. Бунга улар айбдор эмас. Ўзимиз улардан қўғирчоқ ясашга ўрганиб қолганмиз. Боғча ёшиданоқ ҳаммадан ажралиб туриши ёки камчиликларини ёпиш учун боғча опасини “қўл”га олишга ҳаракат қиламиз.
Бола йўргакдан чиқмасиданоқ автоматик тарзда бирор даромадли касб-ҳунар эгаси бўлиш ёки фақат ўзининг фойдасини ўйлайдиган юмушлар қилишни хаёлдан ўтказамиз. Улар банкир деса бойликни, судья деса ўзига бино қўйган амалдорни, санъаткор деса машҳурликни кўз олдига келтиришининг сабаби ҳам шунда. Ҳозир қайси боладан орзулари ҳақида сўраманг, ҳаммаси бараварига шоир, қўшиқчи ёки спортчи бўлишини айтади. Боғча, мактабда шундан бошқа тўгарак бўлмагандан кейин нима қилсин! Бу масаланинг биринчи томони, бошқа тарафдан қараганда, орзу фақат машҳур бўлиш ёки ном чиқариш учун қилинмаслиги керак. Баъзилар шу мақсадда яқинларининг кўтар-кўтари билан бир муддат шуҳрат қозониб, сўнгра машҳурликнинг залворига бардош беролмай аросатда юрибди. Эҳтимол, улар ўз вақтида орзу-истакларидан тўғри фойдаланганда, ўзи, оиласи, Ватанимиз учун ҳам катта ишларни қилган бўларди. Ахир, дунёда бошқа соҳалар ҳам бор-ку! Масалан, ҳозир мамлакатимизнинг барча шаҳар, туман, қишлоқларида замонавий техниклар, муҳандислар, алоқачилар, машинасозлар, компьтерсозлар, йўл қурувчилари каби юзлаб касб-ихтисосликларга талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Илмий-техникавий соҳалар ривожланиб бораётган бир пайтга нега болаларимиз замонавий касб-ҳунар сирларидан бехабар қолмоқда? Йирик заводлар, қўшма корхоналар, фабрикалар қошида ёш техниклар клублари ёки муҳандислар уюшмаларини ташкил этишни аллақачон фурсати келди. Cаноатсиз турмуш ҳаётимизнинг юксалишини тасаввур қилиб бўлмайди. Тўғри, юртимизда касб-ҳунар коллежларида таҳсил олган ёшлар кўп. Лекин техника ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланган коллежларни битирган мутахассислар ўз соҳаси бўйича мукаммал билимга эга бўлмаслиги оқибатида ўзини бошқа томонларга уриб кетяпти. Жамиятимизни қийнаётган муаммонинг илдизи мана шу ерда. Ота-онаси бозорга чиқариб юборган болакайларнинг орзу-умидлари йўқ, деб ўйлайсизми? Улар айни билим оладиган пайтда олиб-сотарлар орасида нима қилиб юрибди? Нега уларнинг орзулари Отчопардан нарига ўтмаяпти? Назаримизда, таълим сифати яхшиланмаса, талаблари ўзгармаса, бу борада бирор натижага эришиш қийин. Нима бўлганда ҳам, фарзандларимизнинг кўнгил майллари, хоҳишу иродаларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар танлашига ёрдам беришимиз керак.
Адиба УМИРОВА, ("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг