Бола алиментга эмас, ота меҳрига ташна...

21:32 05 Февраль 2019 Жамият
1267 0

Иллюстратив фото

Оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, урф-одатлар сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия масканидир. Шу боис халқимиз уни муқаддас санайди, унинг мустаҳкамлиги учун интилиб яшайди.

Лекин “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, орамизда ушбу улуғ қўрғонга дарз етказаётган кишилар учраяпти. Оқибатда айрим оилаларда асосли ёки асоссиз сабаблар билан ажримлар кузатилмоқда. Натижада алимент қарздорлари кўпаймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Мажбурий ижро бюроси томонидан нафақат алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари кўриб чиқиляпти, балки низоли оилаларни яраштириш чоралари ҳам кўрилётир.

Жумладан, Мажбурий ижро бюроси Бўка тумани бўлими томонидан алимент ундириш юзасидан жорий йилнинг 28 январь — 30 январь кунлари олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 5 та оила яраштирилди. Хусусан, фуқаролик ишлари Ўртачирчиқ туманлараро судининг суд буйруғига асосан ундирувчи Н. Бўтаева фойдасига вояга етмаган уч нафар фарзанди таъминоти учун ҳар турдаги даромадидан 1/2 қисм миқдорида алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи МИБ туман бўлими иш юритувига шу йилнинг 23 январь куни келиб тушган эди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ушбу оила яраштирилишига эришилди.

Лекин афсуски, ушбу даврда 25 та ижро иши бўйича қарздорлардан жами 32 миллион 450 минг сўмдан кўпроқ алимент пуллари талабгорларга ундириб берилди. Бу маблағлар мазкур оилаларда камолга етаётган фарзандларнинг моддий эҳтиёжлари йўлида сарфланади.

Бироқ бола қалбидаги ота меҳрига бўлган ташналикни моддий воситалар билан қондириб бўладими, деган ўй ўтади кўнгилдан. Мажбурий ижро бюроси томонидан, аввало, оиладаги муҳит соғломлигини қайта тиклашга эътибор қаратилаётгани эса эътирофга лойиқ, албатта.

Фазлиддин АБИЛОВ (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер