Бўка тумани солиқ инспектори фермернинг қарздорлигини ёпиб бериш эвазига пора олаётган вақтида ушланди

09:44 16 Март 2026 Жамият
238 0

Тошкент вилояти Бўка тумани Солиқ инспекциясининг бош инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний йўл билан бойлик орттиришга урингани фош этилди. Мазкур мансабдор шахс пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбарининг ишончига кириб, хўжаликнинг солиқ органлари олдидаги 165,6 млн сўмлик қарздорлигини тўлаш муддатини вилоят солиқ бошқармасидаги танишлари орқали узайтириб беришни ваъда қилган. Ушбу «хизмати» эвазига бош инспектор фермердан 10 млн сўм миқдорида пул маблағи талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи сўралган пулларни ўз хизмат хонасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан бош инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари (Пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларни бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақириб, хабар берган шахсларнинг маълумотлари сир сақланишини кафолатлашини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер