“Бойсун барака чеварлари” иш бошлади

20:15 23 Октябр 2019 Жамият
1955 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп ҳудудлар танлаб олиниб, узоқ қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлашга эришилмоқда. Бу борадаги амалий ҳаракатлар натижасида Бойсун туманида “Бойсун барака чеварлари” корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжаллаган мазкур корхонада 150 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлишди.

Корхонанинг тантали очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди.

Енгил конструкцияли қурилиш материалларидан фойдаланиб, 1 ой муддатда қуриб битказилган мажмуада кийиниш, ювиниш, ошхона, дам олиш ва тиббиёт хоналари мавжуд бўлиб, ишчи-хизматчилар учун қулай шароитлар муҳайё этилган. Корхона Хитой, Туркия ва Японияда ишлаб чиқарилган энг замонавий тикув машинка ва дастгоҳлари билан жиҳозланган. Мажмуани қуриш ва жиҳозлаш ишларига 1,7 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуси ижроси, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур корхонада келгусида ишчилар сонини 300 нафарга етказиш кўзда тутилган.

Янги корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Т.Боболов иштирок этди.

Илҳом Раҳматов, 
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер