Боғишамолда сув таъминоти яхшиланмоқда

15:11 13 Июль 2022 Жамият
630 0

Фото: Халқ сўзи

Боғишамол маҳалласи Андижон шаҳрининг энг сўлим, баҳаво ҳудуди ҳисобланади. Адирлик ён-бағрида жойлашгани боис кечаю кундуз майин шаббода эсиб туради. Афсуски, мана шундай сўлим манзилнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Мисол учун, боғишамолликлар тоза ичимлик суви масаласида қийналадилар.

— Ўттиз йилдан бери шу ерда яшайман, — дейди боғишамоллик Нурилло Муллабоев. — Дастлаб ҳар бир кўчада 15-16 та хонадон бор эди, бугунги кунга келиб уларнинг сони 70 тага етди. Бу эса, табиийки, тоза ичимлик суви таъминотидаги танқисликни юзага келтирди.

Айтиш керакки, шу пайтгача ичимлик суви маҳаллага куннинг белгиланган соатларида етказиб берилган. Эндиликда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган маҳаллада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари туфайли таъминот вақти ва сув миқдори ортишига эришилади.

— Ҳозирда ушбу манзилда «Сув махсус таъмир» ҳамда «Водий юлдузи» МЧЖлари томонидан 2 та насос станцияси ва 2 та сув сақлаш иншооти қуриляпти,-дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ директори Шуҳратбек Матмусаев. -Шунингдек, 5,2 км масофага сув қувурларини тортиш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун 2 млрд. 800 млн. сўм маблағ ажратилди.

Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, Боғишамол Андижон шаҳридаги яшаш учун энг қулай маҳаллалардан бирига айланади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер