Боғчалар қачон очилиши маълум қилинди

20:47 10 Сентябр 2020 Жамият
1620 0

Бугун жамият олдига қўйилган кўндаланг саволлардан бири бу боғчалар қачон очилади ва улардаги хавфсизлик чоралари қай даражада кўрилмоқда? Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

“Республикамиздаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти 14 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич йўлга қўйилади. Биринчи навбатда, 5-7 ёшли тарбияланувчилар тайёрлов гуруҳлари очилади. Бу 5 ёшгача бўлган боланинг ижтимоий масофа сақлаши ва гигиена қоидаларига амал қилишдаги қийинчиликлари билан изоҳланади. Масалан, у ўзига қадар бошқа болалар ўйнаган ўйинчоқни оғзига олиб бориши мумкин. 4-5 ёшли болалардан иборат ўрта гуруҳларнинг очилиши октябрь ойига, кичик гуруҳларнинг очилиши эса ноябрь ойига мўлжалланмоқда,” – дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Берилган маълумотларга кўра, боғчаларнинг очилиши халқ депутатлари Кенгаши ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати рухсати билан ҳамда муайян МТТга қатновчи боланинг ота-онаси розилиги билан амалга оширилади.

Яна бир савол туғилади. Куни кеча дезинфекция тунелларининг фойдасизлиги, хлор саломатликка зарарли экани ва унинг ҳатто астма касаллигини келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида тиббиёт мутахассилари маълум қилди. Хўш, боғчаларда болалар саломатлиги учун хавф туғдирмайдиган қандай чоралардан фойдаланилади?

– Муассасаларга қўйилган талаблардан бири хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларни пирометрлар, антисептик воситалар, усти берк супачалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш этиб белгиланган. Барча чора-тадбирлар болалар саломатлигини эътиборга олган ҳолда режалаштирилган. Қўшимча чора-тадбирлар эпидемиологик вазиятга қара яна кўриб чиқилади, – дейди Умида Муҳитдинова, болалар саломатлиги соғлом овқатлантиришни таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи.

Анжуманда давлат боғчаларининг очилиш муддатлари мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга қараб ўзгариши мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
"Халқ сўзи" мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер