“Бобурнома” итальян тилида нашрдан чиқди
Фото: “Халқ сўзи”
XV-XVII асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эронда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” тарихий-биографик асари Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётларидан бири “Sandro Teti Editore” нашриёт уйида итальян тилида чоп этилди.

Китобнинг Бобур номли халқаро жамоат фондида бўлиб ўтган тақдимот тадбирида бобуршунос, адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда маълум қилинишича, китобни чоп этишга тайёрлашда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, италиялик таниқли турколог, профессор Федерико Де Ренсиларнинг ҳиссаси катта бўлди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилнинг 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида шоҳ ва шоир Бобур мирзонинг ҳаёти, фаолияти, ижодига бўлган илмий изланишларга эътиборни кучайтириш, илмий ва тарихий маълумотларни кенг тарғиб этиш, унинг ижоди ва ҳаётига оид янги манбаларни нашрдан чиқариб, оммага тақдим этиш каби вазифалар белгилаб берилган эди, — дейди “Бобур” халқаро жамоат фонди раҳбари Зокиржон Машрабов. — “Бобурнома”нинг итальян тилига таржима қилиниб, чоп этилиши қарор ижросини таъминлаш доирасидаги асосий вазифаларимиздан бири сифатида белгиланганди.

Китоб Президентимизнинг сўзбошиси ҳамда атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардинининг кириш сўзи билан бошланади. Унда Бобурнинг жаҳон илм-фани тамаддунига қўшган ҳиссаси, илмий-ижодий меросининг аҳамияти ҳақидаги фикрлар ўрин олган. Китоб италиялик ўқувчиларга манзур бўлиш билан бир қаторда, жаҳон аҳамиятига молик нодир асар сифатида қадрланишига ишончим комил.
Шунингдек, Қирғизистон, Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон каби ўнлаб давлатлардан ташриф буюрган бобуршунос олимлар иштирокидаги ушбу тадбирда профессорлар Ҳамидулло Болтабоев, Акромжон Юлдашев, адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмон кабилар ҳам “Бобурнома”нинг янги нашри жаҳон адабиётининг дурдона асари сифатида эъзоз топишини қайд этдилар.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг