Бобошбек тадбиркорлари жаҳон бозорига чиқмоқда

20:10 26 Июль 2022 Жамият
944 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида жойлашган Бобошбек маҳалласини ҳазиломуз оҳангда «Фарғонанинг Хитойи» дейдилар. Бунинг ўзига хос сабаби бор, албатта.

Айни пайтда маҳалладаги 1 минг 498 та оилада 5 минг 300 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги мингга яқин оила ўз хонадонида тикувчи-тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, уларнинг орасида ўнлаб иш ўринлари яратганлари бор.

Яқингача ҳам 4-6 сотихли хонадонларда ўнлаб тикувчилар қийналиб ишлаган, тайёр маҳсулотларни сотиш учун қишда совуқ, ёзда чанг кўчада савдо қилинган бўлса, энди маҳаллада муҳташам «Бобошбек» савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилди. Мажмуа олдида кечаю кундуз ишлайдиган улгуржи бозор фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда бу ерда тайёрланаётган кенг ассортиментдаги аёллар, болалар кийим-кечакларини жаҳон бозорига маҳсулотларни “B” бренди остида чиқариш чоралари кўрилмоқда.

— Август ойининг биринчи ўн кунлигида маҳалладаги икки нафар тадбиркор ҳамроҳлигида илк маҳсулотларни икки томонлaма имзоланган шартномага кўра, Россияга олиб кетяпмиз, — дейди «Бобошбек» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Хуршидбек Самадов. — Бундан кўзланган мақсад ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва янги шартномалар имзолашга қаратилган.

Президентнинг 2021 йил 27 май кунги «Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида қурилган ушбу мажмуада тадбиркорларнинг жаҳон бозорига чиқиши учун барча шароит мавжуд.

Лойиҳага кўра, 15 гектар майдонда 316 та ишлаб чиқариш цехлари билан бирга 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси, 2 та логистика маркази фаолият кўрсатади. Мажмуада йилига қарийб 900 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 18 миллион долларлик экспорт қилиниши режалаштирилган. Шу тариқа 7 минг 700 дан зиёд доимий иш ўрни яратилмоқда.

Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизбек Эрматовнинг маълум қилишича, бобошбекликлар ички бозорни тўлиқ эгаллаб бўлишди, эндиги навбат жаҳон бозорига. Мисол учун, ўтган ойда Учкўприк тумани делегациясининг Туркияга ташрифи давомида ҳам бу борада қатор келишувларга эришилди. Осиё қитъаси, МДҲ давлатларига экспортни амалга ошириш бўйича янги-янги ҳамкорлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир.

Ҳозирда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва логистика мажмуаси қурилишининг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқич доирасида белгиланган ишлар жадал давом этяпти.

— Жаҳон бозорига чиқишда айнан Туркия, Хитой тажрибаси бизга жуда қўл келади, — дейди маҳалланинг энг тажрибали тадбиркорлари Ҳамида Акбарова. — Тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги тажрибамизни замонавий мезонлар асосида ривожлантиришимиз учун барча имконият яратиб берилди. Бобошбек жаҳон бозорида, албатта, ўз ўрни ва брендига эга бўлишига эришиш энг асосий мақсадимиздир.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер