БМТ шафелигида ҳаво сифатига оид маълумотлар банки яратилди
Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган Дунё шаҳарлари форумининг тўққизинчи сессиясида янги лойиҳа — ҳаво сифати бўйича маълумотларнинг жаҳондаги энг йирик банки ишга туширилди. Бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар 10 кишидан 9 нафари меъёридан ортиқ ифлосланган ҳаводан нафас олади. Бу дунё аҳолисининг 92 фоизидир, деб маълум қилди БМТ янгиликлар хизмати.
Ифлосланган ҳаво ҳар йили қарийб 4,2 млн. кишининг умрига зомин бўлади. Унинг асосий қурбонлари аёллар ва ёш болалардир. Кам ривожланган давлатларда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 98 фоиз заҳарланган ҳаводан нафас олади. Бундай ҳолат ҳар йили 15 ёшгача бўлган 600 минг болани ҳаётдан олиб кетади.
Жаҳон банкининг баҳолашича, ҳаво ифлосланиши муносабати билан соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот учун ҳар йили 5 трлн. доллар сарфланади, соф даромад эса 225 млрд. долларгача қисқариб кетади. Бу сумма жаҳондаги энг бой учинчи мамлакат — Япония ялпи ички маҳсулоти билан тенгдир.
Мазкур муаммо билан курашиш доирасида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури(ЮНЕП) ва БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури(Хабитат) томонидан ҳаво сифати бўйича энг йирик маълумотлар банки яратилди. Ушбу ташаббус БАА пойтахти Абу-Дабида яқинда бўлиб ўтган форумда тақдим этилди.
Айни пайтда базага 4 мингдан ортиқ провайдерлар, шу жумладан, ҳукуматлардан ҳам маълумотлар келиб тушяпти. Унга айни пайтда 15 миллиондан зиёд фойдаланувчилар уланган.
Бугунги кунда шаҳарларда 3,5 млрд., сайёрамиз аҳолисининг 55 фоизи истиқомат қилмоқда. 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 5 млрд.гача кўпайиб, ерликларнинг 75 фоизига етади.
Шиддатли урбанизация жараёнлари янгидан-янги имкониятларни ваъда бермоқда. Бу индустриаллашув соҳасига ҳам бевосита тааллуқлидир. Айни пайтда бундай ҳолат биз яшаётган атроф-муҳит, жумладан, нафас олаётган ҳаво ифлосланишига олиб келяпти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг