Bloomberg: АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик битими учун ярим йил керак бўлиши мумкин
Форс кўрфази ва Европа мамлакатларининг бир қатор етакчилари АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарони тартибга солиш бўйича келишувларга эришиш учун тахминан ярим йил вақт керак бўлиши мумкин деб ҳисоблашади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.
Агентликнинг ёзишича, вазиятдан хабардор мулозимлар Форс кўрфази ва Европа мамлакатларининг айрим раҳбарлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик битимини мувофиқлаштириш учун қарийб олти ой вақт керак бўлади, деб ўйлашаётганини ва томонлар ушбу муддатга мос келиши учун ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириши кераклигини билдирган.
Bloomberg маълумотларига кўра, мамлакат раҳбарлари энергетика ресурслари етказиб беришни тиклаш учун Ҳўрмуз бўғозидаги блокадани зудлик билан олиб ташлашни исташмоқда. Агар май ойигача вазият нормаллашмаса, бу глобал озиқ-овқат инқирози ва энергетика ресурслари нархининг янада ошишига олиб келиши мумкин.
Форс кўрфази давлатларида Эрон ядро қуролига эга бўлишни истаётганига ва АҚШ ҳамда Исроилнинг зарбалари бу интилишни ўзгартирмаганига ишонишади. Эҳтимолий тинчлик битими Ислом Республикасига уранни бойитишни ва узоқ масофага учувчи баллистик ракеталарга эга бўлишни тақиқлаши керак.
Шу билан бирга, Форс кўрфази давлатлари етакчилари ҳарбий ҳаракатларнинг қайта бошланишини истамайдилар ва Теҳрон билан музокаралар ўтказиш тарафдоридирлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг