Бизни осмонларга кўтарган шу азиз заминимиз – мусаввир Зебинисо Шарипова

13:47 19 Декабрь 2022 Жамият
787 0

Фото: Халқ сўзи

Мусаввирлик билан шоирликни кўз илғамас ришталар боғлаб туради. Шоирнинг ҳис-туйғулари шеър бўлиб қоғозга тушади. Мусаввир юрагидаги пўртаналар эса мўйқалам воситасида бетакрор манзараларга айланади. Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси Зебинисо Шарипованинг Бухоро санъат музейида ташкил этилган шахсий кўргазмасида бўлганимизда кўнглимиздан шу фикрлар кечди.

Кўргазмада иқтидорли рассомнинг турли йилларда яратилган асарлари қўйилган. Уларни томоша қилаётиб, мусаввир тасаввур дунёсининг кенглигини, муаллифнинг фалсафий мушоҳада юритишга мойиллигини ҳис этасан киши. Хусусан, «Тушь», «Само рақси», «Мунозара», «Ёғду улашиб», «Ўтмиш» дея номланган суратлар санъат ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди.

— Ғиждувон туманининг Хосакент қишлоғида туғилиб ўсганман,- дейди айни дамда пойтахтда эркин ижодкор сифатида фаолият кўрсатаётган мусаввир. — Ўқиб-ўрганиб рассом бўлиб етишишимда ота-онамнинг ҳиссаси катта. Эсимда, ҳовлимиз олдидан ариқ ўтар, ундан сўнг пахта даласи, кейин эса тутзор, сал наридан эса сой оқарди. Жуда чиройли манзара эди. Айниқса, қуёшнинг ботишини ўзгача бир завқ билан томоша қилардим. Суратларимни кўриб, Одинаев деган ўқитувчимиз «Сендан яхши рассом чиқади. Бунга мен ишонаман», дея қўллаб-қувватлагани ёдимда.

Хорижий давлатларда кўргазмаларим ташкил этилган. Шундай тадбирларнинг бири хотирамдан асло кўтарилмайди. Суратларимни томоша қилаётган санъат ихлосмандларидан бири «Асарларингиздан она юртингиз — Ўзбекистон тупроғининг ҳиди келади», деган эди. Алланечук бўлиб кетганман. Дарҳақиқат, бизга илҳом берган, бизни осмонларга кўтарган шу азиз заминимиздир. Биласизми, кўҳна Бухорога келсам, бу ердаги осори атиқаларни кўриб жуда таъсирланаман. Масжиду мадрасалар қад ростлаб турган тор кўчалар оралаб юрарканман, рўпарамдан бобокалоним Шарифжон Махдум Садри Зиё чиқиб келаётгандек туюлаверади.

Мусаввирнинг бу ҳақида тўхталиши бежиз эмас. Шарифжон Махдум Бухорода XIX аср охири - XX аср бошида яшаб ўтган давлат арбоби, шоир, олим, хаттот саналади. Жадидларга хайрихоҳ бу инсон Бухоро амирлигида қозикалон лавозимида ишлаган. Турли соҳаларга оид 70 дан зиёд асар ёзган. Жуда бой кутубхонаси бўлган. Китоблари ҳозир ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида сақланмоқда.

—  Зебинисо Шарипованинг асарларини кузатиб, унинг шундай маърифатпарвар бобокалонига муносиб издош бўлишга интилаётганини сезиш мумкин, - дейди санъатшунос Раъно Эшонқулова. — Мусаввирнинг ўзига хос картиналари бу фикрни тасдиқлайди. Биз ундан янгидан-янги асарлар кутиб қоламиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер