Бизни ҳеч нарса ажрата олмайди!

14:09 02 Июнь 2020 Жамият
1183 0

Мен Фарғона туманидаги Оқтом қишлоғида туғилганман. Миллатим тожик. Ёшим 89 да. Аллоҳга минг қатла шукрки, 8 нафар фарзанд, 40 ортиқ набира ва 20 дан ортиқ чевараларнинг бобосиман. Турмуш ўртоғим Махфиратхон билан 67 йилдан буён тинч-тотув яшаб келмоқдамиз. Фарзандларимиз бир-бирлари билан аҳил, иноқ ҳаммалари эл-юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишган. Ҳозирда набира ва чевараларимиз мустақил Республикамизнинг иқтисодиётини ривожланишига ҳисса қўшиб, турли жабҳаларда меҳнат қилмоқдалар.

Мен меҳнат фаолиятимни оддий ўқитувчиликдан бошлаганман. Кейинчалик қатор раҳбарлик лавозимларида ишлаб, юртимиз ривожига ҳисса қўшишдек бахтга муяссар бўлганман. Қилган меҳнатларим бесамар кетмади. Республика ҳукуматининг қатор мукофотларига сазовор бўлганман. Ўтган даврда биз барча миллат вакиллари бир оила фарзандидек тинч, аҳил, иноқ бўлиб яшадик, меҳнат қилдик ва ёшлар онгига шу ғояни сингдириб келдик. Юқорида таъкидлаганимдек мени 8 нафар қуда-андаларим бор. Уларнинг тўрт нафари тожик бўлса, қолганлари ўзбек.

Қишлоғимизда ўзбек, тожик ва қирғиз миллат вакиллари аҳил иноқ бўлиб яшаб келмоқдалар. Уларнинг кўпчилиги бир-бирлари билан қуда-андачилик ришталарини боғлашган. Бир ариқдан сув ичишиб, иссиқ-совуқ маросимларни биргаликда ўтказадилар. Саники, маники деган гап йўқ. Бир-бирларига ҳурмат эътибор билан қарашади. Ўзига тинч оилалар миллат ва элатидан қатъий назар, кам чиқим ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Тадбиркорларимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган талабаларни контракт тўловларини тўлашда, касалманд ночор оилаларга дори-дармон сотиб олишда, йўл қуриш, сув чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йиғиб-териб олишда бир-бирларига камарбаста бўладилар. Бундай юрт, бундай одамлар бу дунёда камдан-кам топилади деб, биз кексалар улар ҳаққига дуолар қиламиз.

Кеча кечқурун Ўзбекистон телевидениеси орқали Сўх туманида бўлган нохуш ҳолат кўпчилик сингари мени ҳам ташвишлантирди. Бир неча бор «Астафируллоҳ» деб қаттиқ ўйга толдим. Наҳотки, бир-бири билан қуда-анда бир дарёдан сув ичиб, кечагина бир-бирини тўйида бир товоқдан ош еган, шу кунгача аҳил бўлиб яшаган қирғиз ва тожик биродарларимизга нима бўлди ўзи? Наҳотки, уларни шайтон йўлдан оздириб бир-бирига қўл кўтаришган бўлса.

Аллоҳим! Бу бандаларингни ўзинг кечир, дини, урф-одати, турмуш тарзи, маданияти бир-бирига яқин бўлган икки халққа тинчлик-осойишталик ато этгин дея Аллоҳга илтижо қилдим! Юқоридаги ҳолат арзимас сабаб билан бўлган келишмовчилик қирғиз ва тожик халқларини бир-биридан ажрата олмайди. Биз қирғиз биродарларимиз билан гина-кудурат ва миш-мишларга ишонмай яна оға-ини бўлиб яшайверамиз.

Набижон ШАХОБОВ,

Фарғона тумани меҳнат фахрийси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер