«Бизда сўнгги икки йилдан сабоқ олиш имконияти бор» — Олимлар «COVID-19» пандемиясининг ривожланиши учун учта сценарийни таклиф қилишди
Фото: РИА «Новости»
Халқаро илмий кенгашнинг соғлиқни сақлаш, вирусология, иқтисод, этика ва социология бўйича экспертлар гуруҳи келгуси беш йил ичида «COVID-19» пандемиясининг ривожланиши учун учта сценарийни таклиф қилди. Бу ҳақда батафсил Кенгаш сайтида эълон қилинди.
Биринчи сценарийга кўра, агар «COVID-19»га қарши эмланган катталар улуши 80 фоизгача кўтарилса, инфекциянинг тарқалиши ишончли тўхтатилади ва иқтисодиёт, ривожланиш ва саломатликка ижобий таъсир кўрсатади.
Агар эмлаш даражаси 70 фоиздан паст бўлса, бунда касаллик иккинчи сценарий асосида ривожланади. Яъни коронавирус мавсумий тарқалишлар билан касалхоналарда катта босимларни юзага келтиради. Вакциналарни янгилаш ва инфекцияга қарши янги препаратларни ишлаб чиқиш учун кўпроқ маблағ сарфлаш керак бўлади. Ва глобал тенгсизлик кучайишига ҳам сабаб бўлади.
Учинчи сценарий миллатчилик ва популизмнинг кучайиши билан боғлиқ. Геосиёсий кескинликлар кучайгани сари ҳукуматлар ва давлатлар ўртасидаги ишонч пасаяди. Бу илм-фан ва тиббиёт соҳасидаги халқаро ҳамкорликка тўсқинлик қилади ва эмлаш даражаларининг пасайишига олиб келади. Бундай вазият аҳолининг 60 фоиздан камроғи эмланган ҳолатда кузатилиши мумкин. Бу ҳолатда кам даромадли мамлакатлар учун вакцина ва дори воситаларига кириш ҳозиргидан ҳам қийинроқ бўлади.
«Биз тенгсизликларни бартараф этувчи, шу билан бирга бизни кейинги инқирозга тайёрлайдиган кўп томонлама тизимни қуриш бўйича саъй-ҳаракатларимизни янгилашимиз керак. ...Бизда сўнгги икки йилдан сабоқ олиш имконияти бор», дея хулоса қилмоқда олимлар.
Шу ўринда, улар ҳукуматларни ҳамкорлик қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимларига сармоя киритиш, илмий маслаҳатларни бирлаштириш, ўсиб бораётган тенгсизликларни бартараф этишга чақирмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг