“Биз қўшнилармиз, қўшнилар танланмайди...” — Лукашенко яқин икки йил ичида дунёда катта ўзгаришлар бўлишини айтди
Фото: РИА «Новости»
Беларусь президенти Александр Лукашенко 2024-2025 йилларда дунёда жиддий ўзгаришлар бўлишини айтди.
“Ишонинг, вақт келади — 2024-2025 йилларда дунёда, жиддий ўзгаришлар бўлишига ишонаман”, — деди Лукашенко Минск миллий аэропорти ҳудудида меҳнат жамоалари билан учрашув чоғида.
Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари Беларусь билан қўшни, шунинг учун улар билан муносабатларни йўқотиб бўлмайди.
Лукашенко ҳукумат ва мамлакат ташқи ишлар вазирлигига Ғарб давлатларига “яхши қўшничилик ва тинчлик режаси”ни таклиф қилишни топширган. Беларусь раҳбарининг сўзларига кўра, у бош вазир Роман Головченкога Польша билан боғланиб, муносабатларни яхшилаш масаласини муҳокама қилишни ҳам буюрган.
“Биз қўшнилармиз, қўшнилар танланмайди, улар Худодан”, — деган Лукашенко.
Олдинроқ, Польша Беларусь билан чегарага 10 минг аскар жойлаштиришини маълум қилган эди. Бу мамлакат мудофаа вазири Мариуш Блашчак томонидан ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, чегарада 10 000 га яқин аскар жойлаштирилади. 4 000 аскар Чегара хизматини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган операцияда бевосита иштирок этади ва яна захирада 6 000 аскар бўлади.
Икки мамлакат чегарасида Польша контингентининг кўпайишига 1 август куни Польшанинг Беловеж қишлоғи аҳолиси Беларуснинг иккита жанговар вертолётини пайқагани сабаб бўлди. Кейинроқ давлат чегараси бузилгани ҳақидаги маълумот мамлакат мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланди.
7 август куни Беларусь Польша ва Литва чегаралари яқинида ҳарбий машғулотларни бошлагани маълум бўлди. Шунингдек, Польша Беларусда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси аскарлари мавжудлиги сабабли мамлакатни ҳимоя қилиш учун чегарани ёпиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг