Биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик — Шавкат Мирзиёев
Фото: president.uz
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида газета ва журналлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
"Муаллим ва ўқитувчиларнинг билими ва малакасини ошириш ҳақида гапирганда, бугун жамиятимизда долзарб бўлиб турган яна бир масалага тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман.
Айтингчи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.
Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар.
Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири бу – Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио-телевидение, Интернет билан бирга босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Бугунги кунда босма нашрларни таълим муассасаларига, ўқитувчи-профессорларга етказиб бериш ҳам жиддий муаммога айланган. Чунки бу борада матбуот тарқатиш ва почта тизимининг фаолияти мутлақо талабга жавоб бермайди.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда босма матбуот нашрлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусан, мактаб ва олийгоҳларни педагогик фаолият учун зарур нашрлар билан таъминлаш, уларнинг кутубхоналарини ўқув ва бадиий адабиётлар билан тўлдириш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин", дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг