«Биз бор жойда жиноят йўқ — биз бор жойлар хавфсиз ҳудуд»
Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида «Талабалар фестивали» старт олди. Лойиҳа доирасида турли таълим муассасаларида учрашувлар, маҳорат дарслари ва ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Қайд этиш жоизки, фестивалнинг асосий мақсади ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, маданий-илмий алмашинувни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва инновацияларни кенг оммалаштириш, шунингдек, лидерлик ҳамда ташаббускорликни рағбатлантиришдир.

Шу маънода, куни кеча Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Миллий тадқиқот университетида «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи ҳақида ёшларни хабардор қилиш, гуруҳ ҳисоботи билан танишишга қаратилган «Биз бор жойда жиноят йўқ — биз бор жойлар хавфсиз ҳудуд» шиори остида ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда тегишли давлат идора ва ташкилотлари мутасаддилари, «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи аъзолари ва талабалар жам бўлди.
Маълумки, «Қалқон» — жамиятга ҳисса қўшиш мактабидир. Уч йилдан буён фаолият олиб бораётган мазкур жамоатчилик гуруҳи Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади ёшлар билан ҳамкорликда ҳарбий-жамоатчилик ишларини амалга ошириш, бу орқали уларнинг иқтидорларини намойиш қилиш, талабалар орасида тинчлик ва тартибни сақлаш, майда безориликларнинг олдини олишдан иборат.

— Бу фестивал бир вақтнинг ўзида нафақат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар, балки талаба бўлиш истагидаги абитуриентлар учун ҳам фойдали, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова. — Чунки, мазкур фестивалда ўқувчи-ёшлар олий ўқув юртлари тўғрисида батафсил маълумотлар, уларнинг тақдимотлари билан танишиш имконига эга бўлишади.
Семинарда «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи фаолияти ҳақида талаба-ёшларга кенг тушунчалар бериб ўтилди, бу борада қатор маърузалар тингланди. Айниқса «Қалқон» билан ҳамкорликда амалга оширилган ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган ишлар натижалари ҳақида маълумотлар берилгани ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

— Жамоага қўшилганимга бир йилдан ошди, — дейди «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи аъзоси Фарангиз Эгамбердиева. — Биз жамоамиз билан талабалар орасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар олиб борамиз, шу йўналишда турли ўқув ишлари ташкил этамиз ва тенгдошларимизга тўғри йўналиш кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Тадбир давомида қатнашчилар эътиборига Мудофаа вазирлигининг маданий дастурлари намойиш этилди. Бу йиғилганларга кўтаринки кайфият ва завқ улашди. Якунда эса «Талабалар фестивали» доирасида ташкил этилган «Қалқон» жамоатчилик гуруҳининг бир гуруҳ фаол аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг