Битта китобни минг кишига совға қилса бўладими?

14:06 07 Ноябрь 2024 Жамият
398 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилаётган Пайғом (Тўхтамиш Боқий) Сайхунобод туманидаги 6 та мактаб кутубхонасига ҳозиргача уч номдаги 150 та китобини совға қилди. Яқинда Нурота ва Фориш туманларидаги 10 та мактаб кутубхоналарига ҳам китобларидан иборат совғалар тўпламини топширди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўхтамиш Боқий нашрдан чиқиши кутилаётган яна учта янги китобини деярли тўлиқ адади миқдорида кутубхоналарга тарқатмоқчи.

Айтиш лозимки, муаллиф гарчи бой-бадавлат бўлмаса-да, китобларини ўз ҳисобидан чиқаради. Лекин таъбир жоиз бўлса, айнан кутубхонага китоб туҳфа қилиш орқали “бирни минг қилади“. Гап шундаки, кутубхонага берилган адабиётни йиллар давомида юзлаб, минглаб кишилар ўқийди. Демак, шу тахлитда совға қилинган бир дона китоб мисли минглаб китобхонга совға қилингандек бўлади. Қолаверса, кутубхонада китоб узоқ сақланади, совға эгаси-муаллифнинг номи эса асрлар оша яшайди.

— Вилоятимизда Тўхтамиш ака каби кутубхоналарга китоб совға қилаётган ижодкор юртдошларимиз кўпчилик, — дейди Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази директори вазифасини бажарувчи Таваккал Такабоев. — Ана шундай хайрли ишга бош қўшаётган китобхонлар, тадбиркорлар ҳам кўпайиб бормоқда.

Шунингдек, Т.Такабоевнинг айтишича, яқинда вилоят кутубхонасига бир киши 150 та, яна биров 100 та китоб туҳфа қилган. Эътиборлиси, иккиси ҳам исм-фамилиясини айтишни истамай, ушбу саховатлари “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин“ тамойилида бўлишини хоҳлашган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер