Битирувчиларга диплом топширилди

12:04 22 Июль 2024 Жамият
405 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий Давлат педагогика институтини бу йил 28 та таълим йўналишлари бўйича жами 4284 нафар йигит-қиз муваффақиятли якунлаб, бакалаврлик дипломига сазовор бўлди. Эл тилида олтин давр номини олган лаҳзаларни ортда қолдириб, 47 нафар йигит-қиз магистрлик унвонини қўлга киритишди. Бу дамлар уларнинг ҳар бири учун ҳам шукуҳли, иродасининг чинакам тобланиш йиллари бўлди.

— Институтда таҳсил олган тўрт йилни ҳаётимнинг энг бахтли онлари деб ҳисоблайман, — дейди имтиёзли асосда талабаликка қабул қилиниб, педагог деган шарафли номга сазовор бўлган Фариза Амонбоева. — Таълим олиш билан бирга, турли танлов ва фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритдим Бугун ўзимнинг Томди туманидаги олис «Чуқурқудуқ» қишлоғимга қайтиб, мамлакатимиз, Юртбошимиз билдирган ишончни ўз меҳнатим билан оқлайман.

Битирувчиларга дипломларни топшириш маросими тантаналари ҳақиқий байрам тусини олди. Унда сўзга чиққан вилоят секторлари раҳбарлари мамлакатимизда таълим, келажак авлод тарбиясига катта эътибор берилаётгани, бу меҳнат фаолиятини бошловчи ёш ўқитувчилар учун катта масъулият ва шараф эканини эътироф этди. Айниқса, сўнгги йилларда институт нуфузи ошиб, унинг моддий техник базаси тубдан такомиллаштирилиши, замон талабидаги коммуникация тармоқлари талабаларга масофавий ўқитиш, интернетдан кенг фойдаланиш имкониятини бераётганлиги илм йўлини танлаган ёшлар янги-янги довонлар забт этишига қанот бўлмоқда.

— Айни кунларда 15 гектарлик майдонда институтимизнинг янги биноси қурилиши бошланмоқда, — дейди Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор Муҳиддин Калонов. — Ушбу ҳудудда 12 минг ўринли ўқув бинолари, 2400 ўринли талабалар уйлари ва бошқа бир қатор иншоотлар қад ростлайди. Янги ўқув йилимизнинг яна бир муҳим янгиликлари — ёшларнинг баркамол шахс сифатида таълим ва тарбия олишларингиз учун барча имкониятлардан фойдаланишга эътибор қаратамиз. Хусусан, институтимизда «вилоят Ҳокими стипендияси», «Мунозара» интеллектуал ўйини бўйича Ҳоким кубоги мусобақаси, шунингдек, вилоят ҳокими ташаббуси билан институтда «Стартап лойиҳалар» танлови ўтказилиб ғолиб лойиҳалар вилоят ҳокимлиги томонидан молиялаштирилади.

Тантаналарда сўз олган ота-оналар таълимдаги ислоҳотлардан миннатдорлигини алоҳида изҳор этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер